Жамият | 15:54 / 27.07.2018
22006
4 дақиқада ўқилади

Автобуслар энди ёнмайди...ми?

Фото: publika.uz

Ўқувчилар томонидан жамоат транспортидан фойдаланиш борасида  йўлланган саволларга «Тошшаҳартрансхизмат» АЖдан жавоб хати келди, деб ёзмоқда «Оила даврасида» нашри.

— Ёзнинг жазирама кунларида автобус салони жуда исиб кетади. Тиқилинч ва иссиқдан йўловчиларнинг, айниқса, кекса ва ногиронларнинг мазаси қочиб қолиши ҳам кузатилган. Илгарироқ жамоат транспортига кондиционер қўйиш имкони йўқлиги маълум қилинганди. Аммо бугунги  технологиялар ривожланган бир пайтда салонга мини-вентиляторлар ўрнатиш имкони борми?

— Автобусларга ишлаб чиқарувчи завод томонидан кўрсатилмаган қўшимча электр жиҳозларини ўрнатиш ёнғин ва ҳаракат хавфсизлигига рахна солиши сабабли кондиционер ёки вентиляторлар ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмас. Ҳозирги кунда шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларига қулайлик яратиш мақсадида, Самарқандда ишлаб чиқарилаётган кондиционер билан жиҳозланган 80 дона ўрта сиғимли «LE-60» русумли автобусига шартнома тузилган. Улар 2018 йилнинг III чорак охирлари ва IV чорак бошларига олиб келиниши ҳамда йўналишларга чиқарилиши режалаштирилган. Келгусида харид қилинадиган барча катта ва ўрта сиғимли автобуслар заводнинг ўзида кондиционер билан жиҳозланган ҳолда келтирилади.

— Ўтган йиллар тажрибасидан маълумки, пойтахт кўчаларида «Mercedes-Benz» автобусининг бир неча марта ёниб кетиши қайд этилди. Бунинг сабаби аниқланиб, уни келтириб чиқарувчи ҳолатлар бартараф этилдими?

— «Mercedes-Benz» автобусларининг ёниб кетиши сабаблари мутахассислар томонидан текширилганда, ёнғин аксарият ҳолатда юқори босимли шланг ёрилиб кетишидан келиб чиққани аниқланди. Ёнғин чиқишининг олдини олиш мақсадида барча автобусларнинг юқори босимли шланглари металл қувурларга алмаштирилди.

— Фавқулодда ҳолатларда, хусусан, ёнғин чиққан пайтда йўловчиларнинг ҳаракатланиши йўриқнома таблоси автобусларда мавжуд эмас. Одатда, ёнғин ёки автоҳалокат пайтида йўловчилар таҳликага тушиб, тезроқ чиқиш ҳаракатидагилар оёғи остида қолиб кетади. Бундай пайтда йўловчилар салонни қандай тартибда тарк этиши лозим? Ҳайдовчининг вазифаси нимадан иборат?

Ёнғин содир бўлганда ҳайдовчи зудлик билан қуйидагиларни амалга оширади:

● автобуснинг барча эшикларини очиб, йўловчиларни зудлик билан автобус салонидан хавфсиз ҳудудга кўчириш;  
● ёнғин хавфсизлиги хизматига хабар бериш;
● ёнғин хавфсизлиги хизмати келгунига қадар саросима вазиятнинг олдини олиб, йўловчиларни ва моддий бойликларни қутқариш ишларини ташкил этиш, бошланғич -алангани бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан ўчириш чораларини кўриш;
● тан жароҳати олганлар бўлса, Тез тиббий ёрдамни чақириш ва зарур ҳолатларда уларга тиббий ёрдам кўрсатиш;
● йўловчилар ёнғиндан ҳосил бўлган тутундан ҳимояланиш мақсадида ҳўл дастрўмолдан (сочиқ) фойдаланиши, яъни оғиз ва бурунни ёпиб нафас олиш мақсадга мувофиқ.

— Яқинда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ автобус ҳайдовчилари томонидан йўл қўйилган қоидабузарликлар тўғрисидаги ҳафталик маълумотларни «Тошшаҳартрансхизмат»га тегишли чоралар кўриши учун бериши айтилганди. Бу ҳамкорлик бошландими?

Жорий йилда «GPS» тизими орқали олинган маълумотлар асосида ҳайдовчилар томонидан содир этилган, тезликни меъёридан ошириш қоидабузарликлари бўйича кунлик маълумотлар жамият Нозимлик хизмати томонидан, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБга тақдим этилиб, доимий равишда профилактика ишлари олиб борилаётгани, қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан кескин интизомий-таъсир чоралари кўрилаётгани туфайли, тезликни меъёрдан ошириш ҳолатлари кескин камайишига, ҳаттоки бир неча автобус саройларида тезликни ошириш ҳолатлари аниқланмагани кузатилди.

Мавзуга оид