Ўзбекистон | 19:21 / 27.07.2018
58456
4 дақиқада ўқилади

Президент: «Бундай кайфият билан ишлашга йўл қўймайман»

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 27 июль куни жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар ва уларни содир этишга мойил шахслар ҳисобини юритиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Навбатчилик қисмларининг эскича услубда иш юритаётгани жиноят ҳақидаги хабарларнинг баъзан эътиборсиз қолишига ёки ҳисобдан яширилишига сабаб бўлаётгани қайд этилди. 

Шу боис Ички ишлар вазирлигининг Ахборот марказини Бош прокуратура таркибига ўтказиш, навбатчилик қисмларини республика бўйича ягона ахборот ва бошқарув тизимига бирлаштириш, ҳуқуқбузарликларни рўйхатга олишнинг электрон тизимини жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Шунингдек, ҳар бир ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолияти рейтингини жорий этиш вазифаси қўйилди. Рейтингда юқори ўрин олган раҳбар ва ходимлар мукофотланади, паст ўрин олганлар эса қатъий жазоланади.

“Ҳар бир жиноятнинг илдизигача етиб бориш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш керак. Акс ҳолда, жиноятнинг оқибатлари билан овора бўлиб юраверамиз. Бундай кайфият билан ишлашга йўл қўймайман”, деди Президент.

Аҳолига, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳар бир суицидга “фавқулодда ҳолат” деб қараб, тезкор чоралар кўриш, бундай хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймасликка қаратилган психологик дастурлар ишлаб чиқиш, жонга қасд қилишнинг катта гуноҳлигини таъсирчан усулларда тушунтириш зарурлиги таъкидланди. 

Ўғрилик, фирибгарлик ва босқинчилик билан боғлиқ жиноятлар таҳлил қилинар экан, профилактика, жиноят-қидирув ва қўриқлаш хизматлари фаолиятининг мутлақо қониқарсиз ташкил этилгани танқид қилинди. Жойларда қўриқлаш хизматидан фойдаланиш учун етарли шароит яратилмагани, шунингдек, айрим одамларнинг ҳуқуқий онги пастлиги, кўчаси, маҳалласидаги воқеа-ҳодисаларга бефарқлиги жиноятчиларга шароит яратиб бераётгани айтиб ўтилди. 

Шу боис қўриқлаш хизматлари фаолиятини янги тизим асосида ташкил этиш, ахборот технологияларини тўлиқ жорий қилиш, давлат-хусусий шериклик асосида сервис кўламини ошириш бўйича топшириқлар берилди. 

Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилнинг 6 ойида ёшлар олти мингдан зиёд жиноятга қўл ургани, таълим-тарбия ва бандликни таъминлаш борасидаги муаммолар бунга сабаб бўлаётгани қайд этилди. 

“Мактаб ва коллежларни битириб, олий ўқув юртига кирмаган ёшлар эртага ким бўлишини чуқур ўйлашимиз, уларга бугун муносиб шароит яратиб беришимиз керак. Шу мақсадда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурини қабул қилдик ва 800 миллиард сўм маблағни ёшлар тадбиркорлиги, бандлиги учун йўналтирдик. Бу маблағни, керак бўлса, яна кўпайтирамиз. Фақат энди уйма-уй юриб, ҳар бир ёш билан суҳбатлашиб, ушбу дастурнинг ижросини таъминлаш лозим”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид