Жаҳон | 22:24 / 28.07.2018
21198
1 дақиқада ўқилади

Германияда фермерга ноёб топилма учун 773 минг евро тўланадиган бўлди

Фото: AP/ Michael Probst

Германиянинг Гессен федерал ери суд қарорига кўра ерида Рим империяси даврига тегишли ноёб топилма учун фермерга 773 минг евро тўлаб берадиган бўлди.

Маълум қилинишича, археологлар 2009 йилда Ланау шаҳридан бўлган фермер ерида милоддан аввалги I асрга тегишли отлар ҳайкалининг бир қисми бўлган бронзадан ишланган от бошини аниқлашган. Қонунга кўра, ер эгаси топилма қийматининг ярмига даъвогарлик қилиши мумкин бўлган. Бироқ томонлар топилманинг нархи бўйича келиша олишмаган. Гессен ҳукумати фермерга 48 минг евро тўлашни режалаштирган, бироқ фермер каттароқ суммага умид қилган.  

Натижада Лимбург шаҳри суди ушбу масалани ҳал қилиш учун экспертни жалб қилган. Эксперт қадимий топилмани 1,6 млн еврога баҳолаган. Суд шунга асосланиб тегишли қарор чиқарган. Бироқ Гессен фан вазирлиги суд қарори бўйича федерал ер олий судида баҳслашишини маълум қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид