Маҳбуслар қамоқхона планшетлари орқали юз минглаб долларни ўмаришди
АҚШнинг Айдахо штатида бир неча юз маҳбуслар қамоқхонадаги JPay планшетларини бузиб киришган ва 255 минг долларни ўз ҳисобларига ўтказишган. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
JPay компанияси планшетлари ўзини яхши тутган маҳбусларга берилади ёки қариндошлари томонидан тақдим этилади. Маҳбуслар планшет ёрдамида қамоқхона дўконидан мусиқа, китоб ёки ўйинлар сотиб олишлари мумкин.
Компания хавфсизлик хизмати тизим бузилганини июль бошида сезиб қолган ва ўғирланган пулларнинг бир қисмини қайтарган. Аниқланишича, 50га яқин маҳбус ўз ҳисобларига минг доллардан туширишган, энг кўп пул туширган маҳбус 10 минг доллардан озроқ пулга эга бўлган.
“Хакерлар”га зарарни қопламагунларича харидлар қилиш тақиқланди, шунингдек, уларни сақлаб туриш шароитлари қатъийлаштирилиши мумкин.