Спорт | 16:10 / 29.07.2018
9616
3 дақиқада ўқилади

Видео: Руни Америкадаги илк голини урди ва бурнини синдириб олди

Фото: BBC Sport

Англия терма жамоасининг собиқ сардори, «МЮ» сафида узоқ йиллар ёрқин ўйинлар кўрсатган ва айни вақтда MLS чемпионатида, «Ди Си Юнайтед» сафида тўп сураётган Уэйн Руни «Колорадо»га қарши ўйинда гол урди.

Ўйин «Ди Си Юнайтед»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиннинг 33-дақиқасида Руни ҳисобни очди, у бу вазиятда рақиб дарвозабони, «МЮ»даги собиқ жамоадоши Тим Ҳовард билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борди ва ўз имкониятини кўкка совурмади. Бу унинг Америкадаги биринчи голи бўлди.

82-дақиқада «Колорадо» ҳужумчиси Келлин Акоста ҳисобни тенглаштирди, 90-дақиқада меҳмонлар ҳимоячиси Ники Жексон ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар давом этаётган вақтда Руни жароҳат олди. У рақиб ҳимоячиси Аксел Сьоберг билан тўқнашиб кетиб, бурнини синдириб олди. Унинг кўзларидан ҳам қон оқди. Футболчининг юзига 5та чок тикилди. Унинг қачон тўла тикланиши ҳозирча маълум эмас.

28 июнь куни янги клуби билан шартнома имзолаган англиялик ҳужумчи 14 июль куни «Ванкувер»га қарши ўйинда дебют қилиб, бир голга ассистентлик қилганди.

Айни вақтда Вашингтон шарафини ҳимоя қилувчи «Ди Си Юнайтед» Шарқий конференция турнир жадвалида 18 ўйинда 17 очко жамғарган ҳолда охирги ўринда бормоқда.

Маълумот учун, Уэйн Руни — «Манчестер Юнайтед» клуби тарихидаги энг яхши тўпурар бўлганди. У Манчестерда 13 йил давомида 250 гол урган. Шунингдек, у Англия терма жамоасининг ҳам энг яхши тўпурари бўлиб турибди, у миллий терма жамоа учун 53 гол урган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид