Ўзбекистон | 23:53 / 30.07.2018
15561
7 дақиқада ўқилади

Яна ўша “ПРОТЕКЦИОНИЗМ”ми – “Ўзавтосаноат” соҳани ривожлантиришда қандай йўл тутади?

Халқаро Пресс клубда “Ўзавтосаноат” АЖ раҳбарияти, Ўзбекистон автомобилсозлик саноатига алоқадор фирма ва ташкилотлар, заводлар раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирокида сессия бўлиб ўтди. Унда даставвал президент томонидан Ўзбекистонда автомобилсозлик саноатини ривожлантириш, соҳадаги коррупцияга доир танқидий фикрлари сессия иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.  

“Автомобил саноатининг ривожлантириш мени мутлақо қониқтирмайди. Йилдан-йилга ишлаб чиқариш ҳам қисқараяпти. Иқтисодий манфаатнинг йўқлиги сабабли экспортни тўхтатишга мажбур бўлдик. Автосаноатимиз коррупция ботқоғидан қутула олмаяпти. Ташқаридан янги-янги инвестиция олиб келинмаяпти. Локализация йўқ десаям бўлади. 53 фоизлиги қоғозда”, - деган фикрларни билдирган эди Шавкат Мирзиёев 26 июнь куни соҳа вакиллари билан ўтказган йиғилишида. 

Фото: ХПК

ХПК сессиясида иштирок этган “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов (тайинланганига атиги 1 ой бўлди, бунгача Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи лавозимида фаолият юритган – таҳр.) автомобилсозлик саноатини янада ривожлантириш бўйича Концепция ишлаб чиқилаётганини айтар экан, маҳсулотлар таннархини камайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, соҳада импорт қилинадиган бутловчи қисмлар ва автоэҳтиёт қисмлар импортини қисқартириш борасида иш олиб борилаётганини билдирди. 

Бундан ташқари, автосалонларнинг жойлашиши ва автомобиллар тақсимотини қайта кўриб чиқиш, ички бозорда автомобилларни сотиш тизимини тартибга солиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

“Тез орада Ўзбекистондаги барча 72та дилеримиз (шундан 22таси хусусий) билан имзоланган ҳамкорлик шартномалари қайта кўриб чиқилади. Улар биз билан имзолаган шартноманинг ҳар бир бандини сўзсиз бажариши лозим бўлади. Яқин келажакда шундай тизим йўлга қўйиладики, харидор автомобилни ўзига яқин дилердан мобил телефони орқали буюртма беради ва уйида машинасини қабул қилиб олади”, - деди Шавкат Умурзоқов. 

Шавкат Умурзоков -  
“Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси
Фото: ХПК

У, шунингдек, “Ўзавтосаноат”га раҳбар бўлганидан сўнг ўтган бир ой ичида тизимни ўрганиб чиққанини, ҳақиқатдан ҳам муаммолар кўплигини билдирди. Умурзоқовнинг таъкидлашича, улар шаффоф бўлишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйгани ва шу сабабли ХПК сессиясида иштирок этишга қарор қилишган. Шу билан бирга, Умурзоқов Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш ва уларнинг нархи ошиши “монополия” деган сўз билан боғлиқ эмаслигини қайд этди. 

“Монополия деган сўздан қочайлик. Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқариш ва уларнинг нархи ошиши “монополия” деган сўз билан боғлиқ эмас. Бу масаланинг бошқа томонлари ҳам бор. Шаффофликни таъминлаш мақсадида ўрганишимиз якунида уларни ҳам эълон қиламиз. “Ўзавтосаноат” деганда ҳамма Асакадаги GM Uzbekistan заводини, ушбу компанияни тушунади. Аслида ундай эмас. Лекин, ҳақиқатдан ҳам ушбу завод “Ўзавтосаноат”нинг бугунги молиявий ҳолатига, халқнинг норозилик кайфиятига сабаб бўлмоқда”, - “Ўзавтосаноат” бошқаруви раиси. 

Унинг айтишича, мазкур завод бир йилда 290 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга бўлса-да, бугунги кунда у 160-170 минг атрофида автомобил ишлаб чиқармоқда. “Ҳамма билади ва бунинг учун махсус билимга ҳам эга бўлиш шарт эмас, деярли 50 фоиз ишлаган завод маҳсулотининг таннархи юқори бўлади. Бу фуқароларнинг чўнтагига таъсир қилади ва хорижий давлатларга экспорт потенциалини йўққа чиқаради”, - деди Шавкат Умурзоқов. 

Фото: ХПК

Шунинг баробарида бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар билан уларнинг маҳсулотлари таннархини йил охиригача 20 фоизгача арзонлаштиришга келишиб олинган. Умурзоқовнинг айтишича,  таннарх пасайтирилиши босқичма-босқич амалга оширилишига, мазкур корхоналарнинг кредит истеъмолчиси экани сабабдир. 

Шавкат Умурзоқов Kun.Uz мухбирининг Жанубий Кореяда 7 йил ичида (1962-68 йиллар) 4та компания ташкил этилгани хусусидаги саволга жавоб берар экан, Hyundai келиши мумкинлиги, бироқ, алалоқибат икки компания ҳам касодга учрашини таъкидлади. Бундан ташқари, машиналарнинг арзон ва сифатли бўлишининг бош тамойили, унинг фикрича, бунинг учун ҳар бир модел камида 100 минг донадан сотилиши керак.
 

“Биз ҳар қандай брендни олиб келишга тайёрмиз, лекин у бизнинг талабга жавоб берсин. Улар Ўзбекистонда ўзлари истаган (конвейердан олинган демоқчи – таҳр.) автомобилларни ишлаб чиқаришлари керак эмас. Бизда ишлаб чиқилган автомобиллар экспорт бўлиши шарт. Уларнинг ишлашидан биз ҳам манфаатдор бўлишимиз керак. Бизнинг бозорга хоҳлаган бренд келади. Лекин соҳани “ўлдириб” қўямиз ва машина нархи яна ошиб кетади. Сиз рақобат ҳақида гапиряпсиз. Машина арзон ва сифатли бўлиши учун ҳар бир ишлаб чиқарилаётган моделдан 100 минг донадан сотилиши керак. Бизнинг бозор (талаби) 200 мингта. Демак, биз қўшимча бозор топишимиз керак. Ҳозир Hyundai’ни олиб келсам, GM’ни ҳам “ўлдираман”, Hyundai ҳам “ўлади”. Машина нархи эса ошиб кетади”, - деди “Ўзавтосаноат” бошқаруви раиси.  

Унинг таъкидлашича, Тошкентда мотор заводи қурилган, бироқ у молиявий соғлом бўлиши учун йилига 400 мингта мотор ишлаб чиқариши талаб этилади. 

“Мотор завод қуриш учун йилига 400 мингта автомобил ишлаб чиқариш ёки шунча мотор ишлаб чиқиш керак. Бизда ишлаб чиқилаётган машиналар сонини биласизлар. Энди барча брендларни айтганини қилиб чақираверсак, ким бўламиз? Шунинг учун, илтимос, демонополизация – деганда тўғри тушунишингизларни хоҳлайман. Бу ерда ўтирволиб, у брендни олиб кирмайман, бу брендни олиб кирмайман, дейилишини коррупцион фактор сифатида қабул қилиш керак эмас. Мен ҳам ташқарида шунақа баҳолардим. Лекин ичига кириб вазият ўзгача эканини тушундим”, - деди Умурзоқов. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид