Ўзбекистон | 23:43 / 31.07.2018
20181
2 дақиқада ўқилади

Олийгоҳларга кириш имтиҳонлари учун барчаси шай!

Ўзбекистонда 1 август куни бошланадиган олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини ўтказиш учун барчаси тайёр. KUN.UZ мухбири Бош вазир ўринбосари - Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари Комплекси раҳбари Азиз Абдуҳакимов берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахтдаги барча олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ўтказиладиган ҳудудлар тест синовлари учун тўлиқ шай. 

Тест топшириладиган майдонларда абитуриентлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Жойларда абитуриентларнинг ҳаракатланиш тартиби ва ота-оналарнинг тўпланиш жойлари схемалари мавжуд. Бундан ташқари, керакли жойларга махсус йўл кўрсаткичлар қўйилган.

Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, кириш имтиҳонларида тўлиқ шаффофлик таъминланмоқда - барча жараёнлар test2018.uz сайти ҳамда UzdigitalTV, вилоятларда эса маҳаллий телевидение орқали тўлиқ онлайн намойиш этилади. 

Энди ота-оналар жазирамада кўчада фарзандларини кутиб ўтиришларига ҳожат йўқ. Бунинг ўрнига ОТМларга кириш имтиҳонлари қандай ўтаётганини уйда, қулай шароитларда кузатишлари мумкин. 

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда тест синовлари бўлиб ўтадиган бино ва объектларда 1400 та видеокузатув камераси ўрнатилган, маълумотларни сақлаш учун 1800 террабайт ҳажмли махсус сервер ишга туширилган.
 
Имтиҳонга киришда ҳар бир абитуриент шахсий маълумотлар базасининг марказий серверига уланган қиёфани аниқловчи махсус камера орқали текширувдан ўтказилади. 

Имтиҳонлар ўтказиладиган объектлар яқинидаги махсус кутиш ҳудудларида ота-оналар ва абитуриентларнинг яқинлари учун йирик экранлар ўрнатилади. Улар орқали тест жараёнларини тўғридан-тўғри кузатиш имкони бўлади.

Умид қиламизки, яратилган барча шароитлар республикадаги тест синовларининг адолатли, шаффоф ҳамда холис ўтиши учун хизмат қилади.

Мавзуга оид