Ўзбекистон | 16:35 / 02.08.2018
31161
2 дақиқада ўқилади

ИИВ абитуриентларга мурожаат билан чиқди

Фото: KUN.UZ

Давлат тест марказининг 2018 йил 1 августдаги расмий маълумотига кўра, республика олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини топшириш учун икки сменада ташкил этилган тест синовларида 23та олий таълим муассасаларининг 154та таълим йўналишида 58 минг 985 нафар абитуриент иштирок этди. Шулардан 1 393 нафар абитуриент турли сабабларга кўра тест синовларига келмади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовларини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низоми асосида ҳар битта абитуриентга тартиб-қоидалар ҳақидаги «Эслатма» берилишига қарамасдан, абитуриентлар томонидан уларга риоя қилмаслик ҳолатлари кузатилмоқда.

Тест синовларига киришдан олдин хавфсизликни таъминлаш, ички тартиб-қоидаларга риоя қилиш чораларини кўриш мақсадида, Давлат тест маркази ва ички ишлар ходимлари томонидан ҳар бир кираётган абитуриентлар металлодетектор ёрдамида кўрикдан ўтказилди.

Натижада, тест синовлари жараёнида тартиб-қоидаларни бузганлиги сабабли 255 нафар абитуриент, шундан 179 нафари ҳудудга кириш жойида уяли телефон, шпаргалкалар олиб киришга уринганлиги учун, 76 нафари бино ичида шпаргалкадан фойдаланишга уринганлиги учун тест синовларидан четлаштирилди.

«Кейинги тест синовларида қатнашиш учун ташриф буюраётган абитуриентлардан белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилишларини сўраб қоламиз», - дейилади ИИВ хабарида.

Мавзуга оид