Ўзбекистон | 02:54 / 02.08.2018
22603
3 дақиқада ўқилади

Давлат тест имтиҳонлари Kun.uz нигоҳида: биринчи кун

Фото: KUN.UZ

Мана, Ўзбекистонда абитуриентлар йил бўйи кутган лаҳзалар бошланди. Республиканинг турли ҳудудларида Олий таълим муассасаларига қабул тест имтиҳонлари бошланди. Шу ўринда Тошкент шаҳрида ҳам кенг қамровда имтиҳонлар бўлиб ўтмоқда. KUN.UZ ижодий жамоаси мазкур воқеаларни кузатиш мақсадида Тошкент шаҳридаги бир қатор имтиҳон ўтказилаётган биноларда бўлди. 

Мана шундай имтиҳон биноларидан бири бўлган “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасига бордик. Имтиҳонларда аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада назоратлар кучайтирилган. Ҳар бир абитуриент махсус текшириш ускуналари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари текширувидан ўтиб, кейин имтиҳонга киритилмоқда. Имтиҳонлар умумий катта бинолар ичида ўтказилмоқда. Назоратчилар бинонинг ички қисмида ҳам ўз вазифасини бажармоқда. Деярли барча шаффофлик ва ошкоралик принципига амал қилишга ҳаракат қилмоқда. 

“Бу йилги имтиҳонлар адолатли, ошкора ва шаффоф ўтмоқда. Билими бўлган абитуриент, албатта, талаба бўлади. Уларга ҳамма шароитлар яратилган. Бино ичи салқин”, - дейди назоратчилардан бири бўлган Раҳимжон Мамаюнусов. Тест назоратлари белгиланган тартиб-қоидалар асосида амалга оширилмоқда. Бу сўзларни бошқа назоратчилар ҳам тасдиқлади.

Республиканинг турли ҳудудларидан келган абитуриентлар билан ҳам суҳбатлашдик. Уларнинг фикрига кўра, назоратлар анча кучайтирилган. Тестлар даражаси анча осонлаштирилган. Улар бу йил имтиҳонлар шаффоф ўтаётганига ва талаба бўлиш бахти фақат билими бор инсонларга насиб этишига ишонишмоқда. Бир-бирига боғланган, яъни жуда мураккаб саволлар сони камайтирилган.

Имтиҳон биноларининг аксарияти ён қисмида абитуриентларни қўллаб-қувватлаш учун келган яқинларига ташкилотчилар томонидан катта экранлар жойлаштирилган. Улар катта экранда тўғридан тўғри ўз яқинларининг имтиҳон топшириш жараёнини кузатишмоқда. Мана шундай инсонлардан бирининг суҳбатини олдик.

“Андижон вилоятидан келдим. Неварамни кутиб ўтирибман. Ҳақиқат бўлсин, эй Аллоҳ деб ўтирибман. Чунки неварам аъло баҳоларга ўқиган. Фан олимпиадаларининг вилоят босқичи ғолиби бўлган. Республика босқичларида қатнашган. Омадини бериб кириб кетсин деб турибман. Неварам ҳуқуқшунос коллежини битирган. Катта юрист бўлмоқчи. Омадини берсин”. 

“Мана, президентимиз ҳамма жойда адолат бўлсин. Билимлилар ўқисин деб айтмоқда. Чунки билими бор ёшлар ватанини ривожлантиради. Шу қаторда бизникилар ҳам ўқишга кирса халқимизнинг корига яраб қолар. Ўзим ҳам 30 йил ўқитувчилик қилганман. Яхши ўқиса ризқи улуғ бўлади”, - деб ўз фикларини билдирди Шаҳзода хола. Бошқа инсонлар ҳам юқоридаги фикларни тасдиқлади.

Хулоса қилиб шуни айтмоқчимизки, халқ давлатдан адолат хоҳлайди. Барча имтиҳонлар очиқ ва шаффоф ўтказилишидан манфаатдор. Адолатни таъминлаш орқали ҳукумат халқнинг ишончини янада қозониши мумкин. Кун.уз жамоаси ҳам кейинги имтиҳонлар қай йўсинда олиб борилаётганлиини кузатишда давом этади.

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид