Жамият | 17:50 / 03.08.2018
24468
7 дақиқада ўқилади

Ўқувчи мактабда тушлик қилиши қанчалик муҳим?

Япония таълим тизими дунёда етакчи ўринлардан бирида туради. Халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган илғор фикрли кадрларни етиштириш осон бўлмаган, албатта. Бунга бир қанча омиллар сабаб бўлган. Жумладан, ўқитувчиларга юқори ойлик маош, иззат-икром (кунчиқар мамлакатда ўқитувчиларга алоҳида эҳтиром кўрсатилади), бой моддий-техник база, қатъий интизом ва ватанпарварлик ҳисси.

Булар асосий омиллар қаторига киради. Аммо ушбу омилларга пойдевор бўлган бошқа сабабларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Биргина мисол: япон бошланғич мактабларида ўқувчиларнинг тушлик қилишига катта аҳамият берилади. Ҳатто, Japanese School Lunch (1954 йилда) махсус дастури ҳам тузилган.

Унда болалар қандай озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишлари аниқ белгилаб қўйилган. Дастурда сут ва сут маҳсулотлари жуда муҳим ўрин тутади. Болаларни фойдали ва тўйимли овқат билан таъминлаш мақсадида мактаб шифокори ва ошпаз махсус таомлар рўйхатини тузиб чиқишади. 45 дақиқалик танаффусда ўқувчилар синфхонанинг ўзида овқатланишади. Бу анча вақтни тежайди. Энг қизиқ ва аҳамиятли жиҳати шундаки, болалар мактаб ҳовлисида етиштирган полиз экинларидан таом тайёрланади. Ўқувчилар меҳнатсеварликка, табиатни асраш, унинг неъматларини увол қилмасликка ўргатилади.

Бизда-чи? Аҳвол қандай? Халқ таълими тизими мактаб ўқувчиларининг тушлик қилишига қай даражада эътибор бермоқда? Тизимда қандай ютуқ ва камчиликлар бор? Ҳақиқий вазиятни ўрганиб чиқиш учун ўқитувчилар, ота-оналар, шифокорлар билан суҳбат ўтказдик, хилма-хил фикрларни эшитдик, фойдали таклифлар ҳам билдирилди. 

Тошкент шаҳар Учтепа тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси мактаб-боғча бўлими катта ҳамшираси Гулнора Зиёева:

«Биз мактабларда болалар соғлиғини назорат қиламиз. Нима учун болалар жуда нимжон, деган савол қўйилади. Улар куннинг кўп қисмини мактаб биносида ўтказишади, ақлий меҳнат билан шуғулланишади. Натижада бола организми толиқади, тўйимли озиқ-овқатга эҳтиёж сезади. Ҳозирги пайтда ҳамма мактабларда ҳам ошхоналар талабга жавоб бермайди, афсуски. Иссиқ овқат ўрнига енгил ҳазм бўладиган, қуруқ булочка, фаст-фуд, газли ичимликлар сотилади. Мактаб ошхонаси ошпазларидан бунинг сабабини сўраганимда, талабдан келиб чиқиб ушбу маҳсулотларни сотишаётганини айтишади. Кўплаб мактабларда аниқ режа, чора-тадбирлар мажмуи йўқ. Бу муаммони ҳал қилиш учун бир нечта таклифларим бор. Биринчидан, малакали ошпазлар ва диетолог-шифокорлар гуруҳи шакллантирилиб, республика умумтаълим мактаблари учун ягона махсус таомнома тузиш керак. Бунда, албатта, ота-оналар ва ўқувчилар талаби ҳисобга олинса яхши бўларди. Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларнинг овқатланишини назорат қиладиган гуруҳ шакллантирилиши керак, деб ўйлайман. Шундагина болалардаги айрим касалликларнинг олдини олган бўламиз».

Умумий амалиёт шифокори Дилдора Қодирова:

Мактаб ўқувчиларининг асосий вақти мактабда ўтади. Шуни ҳисобга олиб, 2 маҳал овқатланиш тартибини жорий қилиш керак. Биринчиси, соат 10.00да енгил ҳазм қиладиган маҳсулотлар (хўл мева, печенье, пишлоқ, сут, қайнатилган сув)ни истеъмол қилинса, жудаям фойдали бўлади ва асосий овқатланиш вақтигача (тушлик) қоринни тўқ тутади. Тушлик, одатдагидек, соат 12.00да бўлиши мақсадга мувофиқдир. Бунда биринчи суюқ овқат (ошқозон шираси ишлаб чиқарилишини оширади), иккинчи навбатда қуюқ таом (организмни қувватлантиради) ва албатта, мева шарбатлари ёки қайнатилган сувдан иборат бўлади. Шунингдек, ота-оналарда нотўғри тушунча борки, болалари иссиқ овқатдан кўра, кўчада енгил ҳазм бўлувчи булочка (арзон ва «тўйимли») истеъмол қилгани маъқул. Иккаласи ҳам тўйиш ҳиссини пайдо қилади, лекин ошқозонда ҳазм қилиш жараёни ҳар хил кечади. Енгил ҳазм бўлувчи маҳсулотларда организм учун фойдали элементлар мавжуд эмас. Доимий равишда шундай енгил овқатланиш оқибатида, ошқозон касалликлари, йод етишмовчилиги, хотира пасайиши, уйқусизлик ва бошқа асоратлар келиб чиқади.

Ушбу мавзуда ота-оналар ва ўқитувчилар билан ҳам суҳбатлашдик. Улар ҳам таклифларини беришди. Жумладан, ўқитувчилардан бири мактабларда тушлик ташкил қилиниши мумкин, аммо ота-оналарга бу ортиқча харажатларни келтириб чиқаришини айтди. Мактаб мажлисларида ушбу масала кўтарилганда, кўпчилик ота-оналар рад жавобини беришган экан. Яна бир мактаб директорининг айтишича, мактабда дарслар фақат бир сменада ташкил қилинса, танаффус вақтини узайтириш имконияти бўлади ва иссиқ овқат ейишлари мумкин бўлади. Кўпинча танаффус қисқалиги бемалол овқатланишга халақит беради.

Ота-оналарга ҳам қулоқ тутганимизда, буни маблағ масаласига боғлашди. Баъзилар ҳар куни тушлик пулини беришга қурбимиз етмайди, деган бўлса, яна бир гуруҳ ота-оналар мактаб маъмурияти овқатни тўғри ташкил қилиб берса, овқат таркиби билан таништирилса, буни бажонидил қабул қиламиз, дейишди. Мактабгача таълим муассасаларидагидек овқат учун олинадиган ойлик тўлов тизимини мактабларга жорий қилиш таклифи ҳам билдирилди.

Умумий хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Япония тажрибасини тадқиқ этиш жуда катта самара беради. Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқувчиларнинг мактабда тушлик қилишлари бўйича махсус дастур ишлаб чиқилиши лозим. Шунингдек, ота-оналар ва болаларга тиббий маданият тушунчасини сингдириш керак. Ўз вақтида, тўғри ва сифатли овқатланиш тартиби қандай эканлиги борасида дарс ўтиш яхши натижа беради. Қўшимча қулайлик ҳар доим пуллик бўлади. Буни тўғри тушуниш керак. Баъзида ота-оналарнинг чўнтаги кўтармайди. Кунлик бериладиган 2-3 минг сўмга иссиқ овқат сотиб олиб бўлмайди, албатта. Балки, шунинг учун ҳам барча мактабларда иссиқ овқатга талаб камдир. Лекин гап фарзандингиз ҳақида кетар экан, жуда эътиборли бўлишингиз лозим, азиз ота-оналар. Зеро, соғлом фарзанд тарбиясида «энг кичик» жиҳат ҳам ўта муҳим. Дилбандингиз келажакда соғлом ва ҳар томонлама етук бўлиб вояга етиши учун ҳозирданоқ ҳаракат қилинг.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид