Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пластиксиз кетчуп. Бизнес анъанавий қадоқлашдан қандай воз кечмоқда?
Дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи энг йирик компаниялардан бири Американинг Kraft Heinz Co. (бозор қиймати 72,31 млрд доллар) 7 йил ичида атроф-муҳитга зарар етказувчи қадоқлашдан бутунлай воз кечишни режалаштираётганини маълум қилди. 2025 йилга бориб, бутун дунё бўйлаб Kraft Heinz томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 100 фоизи қайта ишланадиган, қайта фойдаланиш мумкин ёки компост қадоқларда сотилади, дея хабар беради компания ўз веб-сайтида.
Европада 2022 йилга келиб, барча Heinz томат кетчупи анъанавий пластик идишда эмас, балки озиқ-овқат саноати учун янги қадоқ сифатида ишлов берилиши мумкин бўлган материаллардан тайёрланган қадоқда бўлади.
Ушбу мақсадларга эришиш учун компания бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш учун ишлатиладиган материалларга «тажовузкор равишда» техник муқобил вариантларни излаши ва бу соҳадаги мутахассислар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни ваъда қилди.
Шу тариқа, Kraft Heinz Unilever, Procter & Gamble, Nestle ва Colgate Palmolive каби бошқа жаҳон гигантларига қўшилди. Улар ўз маҳсулотлари қадоғини атроф-муҳитга зиён етказмайдиган қилиб тайёрлаш бўйича аниқ муддатларни ўрнатган. Kraft Heinz’да компаниянинг дунёдаги обрўси учун масъул бўлган Каролина Краевскининг Bloomberg агентлигига маълум қилишича, бутун маҳсулотлар қадоқлари қайта кўриб чиқилади. Жумладан, Heinz кетчупи, Capri Sun шарбати ва Kraft Singles пишлоғининг анъанавий пластик пакетлари ҳам. Ҳозирги кунда ушбу маҳсулотларнинг кўп қатламли қадоғини қайта ишлаш жуда қийин, чунки унда ишлатиладиган алюминий фольга ва пластикни ажратиш мушкул.
Краевскининг эслатишича, сўнгги йилларда ҳам истеъмолчилар, ҳам инвесторлар компаниядан экология мақсадларида маҳсулотларни қадоқлашни ўзгартиришни талаб қилган. Акциядорларнинг охирги умумий йиғилишида иштирокчиларининг 13%дан ортиғи компания маҳсулотлари сотиладиган қадоқларни қайта ишлаш имконияти тўғрисида ҳисобот тайёрлаш таклифини қўллаб-қувватлади.
H.J. Heinz компаниясига 1869 йилда Пенсильвания штатида Жон Хайнц томонидан асос солинган. Компаниянинг асосий маҳсулоти - томат кетчупи ва турли хил сослар. 2013 йил февраль ойида компания Бразилиянинг 3G Capital инвесткомпанияси ва америкалик миллиардер Уоррен Баффеттнинг Berkshire Hathaway фонди томонидан 23 миллиард доллар эвазига сотиб олинди.