Light | 18:30 / 05.08.2018
24934
5 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Остонага: жўхорифуруш йигит ўз иши ва ҳаёти ҳақида сўзлаб берди

У маккажўхори сотиш учун ҳар йили уч ойга Тошкентдан Остонага келади. Илк бор Остонага келганида ҳали бола эди. Ўшандан буён орадан 16 йил ўтди. Tengrinews.kz ўзбекистонлик Болатбек Ботирханов билан суҳбат қурди.

Фото: tengrinews.kz

“Бу ерликлар мени жўхорифуруш деб аташади”, - дейди у жилмайиб. Унинг ёнида қайноққина жўхори солинган катта қоп ва “Кукуруза вареная”, "QQ.RU.ZA", "SЫRAЯ тоже есть" каби ёзувлар битилган ўзига хос рекламаси жойлашган.  

Фото: tengrinews.kz

“Ҳа, ҳамма мана шу ёзувларга эътибор қаратади. Атайин одамларни жалб қилиш учун шунақа деб ёзиб қўйганман”, - дейди Болатбек. 

“Ўн икки ёшимдан бери жўхори сотаман, ҳозир 28даман, - дейди у. – Остонага биринчи марта 2002 йилда келганман, онамга ёрдамлашардим. Вақт ўтиб ўзим келадиган бўлдим”. 

Июндан сентябргача давом этадиган мавсумдан сўнг у Тошкентга қайтади.

Фото: tengrinews.kz

“Университетни битирганман, мутахассислигим бошланғич ҳарбий тайёргарлик ўқитувчиси. Тошкентга қайтганимда агар бўш ўрин бўлса ўқитувчилик қилмоқчиман”, - дейди Ботирхонов.

Болатбек эрталаб велосипедига қопини жойлайди ва савдо нуқтасига қараб йўл олади.

Фото: tengrinews.kz

“Ижарада яшайман. Кунига 500 тенге тўлайман. Бу ойига 15 минг дегани. Кунига тўлаганим яхши, мабодо қўққисдан кетишим керак бўлиб қолса, тушунмовчиликлар бўлмайди”, - дейди у.

Унинг айтишича, бир ойда кўпи билан 150 минг тенге пул топади.

Фото: tengrinews.kz

“Ижара, еб-ичиш ва бошқа харажатлардан ташқари шунча пул қолади. Шунинг учун бу ердаман. Агар 70-100 минг топганимда таваккал қилиб келиб ўтирмасдим”, - дейди Болатбек.

У Тошкентда туғилган. Миллати қозоқ. Онаси ва уч акаси Остонага кўчиб кетишган. Болатбек эса туғилиб ўсган юртида қолган.

“Уйланганман, бир ёшдан ўтган ўғлим бор. Хотиним ҳам тошкентлик. Оилам келажаги учун ишлаб юрибман”, - дейди у.

Фото: tengrinews.kz

Унинг айтишича, бир марта унинг бор пулини шилиб олишган.

“Савдо қилиб турсам бир киши олдимга келди. Савдо қилиш учун рухсатномам бор-йўқлигини сўради. Рухсатномам йўқлигини, энди олмоқчилигимни айтдим. У ўзининг полициядан эканлигини, кеча бир қиз ўлдириб кетилганлигини ва мен гумондорга ўхшаб кетишимни айтди. Унга куни билан шу ерда жўхори сотишимни айтдим. У эса бу ерда ноқонуний савдо билан шуғулланаётганим учун ўзи билан олиб кетишини айтди. Ҳечқиси йўқ, либоссиз полициячилар ҳам бўладику, текшириб қўйиб юборишади, деб ўйладим. Ҳовлима-ҳовли юрганимиздан кейин ҳеч ким йўқ жойга етганимизда у бирдан менга қараб: “Ҳой келгинди, бу ерда бизнес билан шуғулланяпсан, бизга улуш бермайсанми?”, деб қолди. Унга кунига икки-уч минг пул топишимни айтдим. У эса “Қочишни ўйлама, сўйиб ташлайман”, деб таҳдид қилди.

Ўша куни кечки пайт онамга бераман деб тўплаб қўйган 100 минг пулим ва қимматбаҳо телефонимдан айрилдим”, деб эслайди у.

Фото: tengrinews.kz

Ботирхоновнинг айтишича, Қозоғистонда яшашда у ҳеч қандай муаммога дуч келмайди.

“Келишим билан вақтинчалик рўйхатдан ўтаман ва меҳнат шартномасини расмийлаштираман, ойига беш минг солиқ тўлайман”, - дейди у.

У Қозоғистонга кўчиб келишни режалаштирмаган. Айтишича, Тошкентда яшашга ўрганиб қолган.

“Аждодларимиз ўша ерлик. Беш ёки олти авлод яшаб келмоқда. Кўчиб келгим келади, лекин Тошкентда яшаш истаги кучлироқ. Ўша ерда туғилиб-ўсганман, дўстларим ўша ерда, хуллас Тошкентда яшашим учун сабаблар кўп”, - дейди у.

Унинг айтишича, Остонага нисбатан Ўзбекистонда яшаш арзонроқ.

“У ерда ҳамма мева-сабзавотлар ўзимизники ва ўз вақтида пишади. Умуман, ҳамма нарса ўз вақтида бўлади: баҳор баҳорда, ёз ёзда, куз кузда келади. Шунинг учун у ерда яшаш яхши”, - таъкидлайди у.

У августда Тошкентга қайтиши мумкин. Улар фарзанд кутишмоқда. Сўнгра яна Остонага қайтади ва сентябргача, мавсум тугагунича савдо қилади. Агар об-ҳаво яхши бўлиб турса октябргача шу ерда бўлади.

“Остонада ёз узоқроқ бўлганида яхши бўларди”, - дейди Ботирхонов умид билан.

Мавзуга оид