Ўзбекистон | 20:55 / 06.08.2018
60747
2 дақиқада ўқилади

Коррупцияда гумонланаётган ҳоким ҳали ҳам сенаторлигича қолмоқдами?

Аввалроқ Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди. Ўрганишлардан маълум бўлишича, у ҳали ҳам сенат аъзоси ҳисобланади.

Энди ҳолатга ҳуқуқий жиҳатдан эътибор қаратамиз.

Қонунчиликка кўра, сенаторнинг ваколатлари суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда муддатидан илгари тугатилади. Самарқанд вилоятининг собиқ ҳокими Туробжон Жўраев ҳозирда қўлга олинган, аммо суд жараёни бўлиб ўтгани йўқ. Демак у ҳали-ҳануз сенат аъзоси.

Иккинчидан, сенатор ўзининг ваколатлари муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади. Сенат аъзоси тегишли палатанинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Умид қиламизки, у қўлга олинаётган чоғда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари парламент розилигини олишган.

Учинчидан, сенаторни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тегишли палатаси томонидан ўн кун ичида ҳал этилади. Бу масала ҳозирча очиқлигича қолмоқда.

Сенатнинг расмий сайтида сенатнинг розилиги ёки собиқ ҳокимнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилгани ҳақида маълумот тополмадик.

Мавзуга оид