Ўзбекистон | 15:23 / 09.08.2018
20054
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон шу йилданоқ шакар ишлаб чиқаришни қайта тиклаши мумкин

Фото: Pixabay

Ўзбекистондаги шакар ишлаб чиқарувчи заводларнинг камида биттаси бу йил иш фаолиятини қайта тиклаши мумкин, дея хабар берди «Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК раиси ўринбосари Асатилла Салимов Kun.uz мухбирига.

2017 йил охирида йилига 700 минг тонна шакар ишлаб чиқариш қувватига эга иккита «Хоразм-шакар» ва «Ангрен-шакар» заводлари миллий валютанинг девальвацияси сабабли ўз ишини тўхтатиб қўйди.

Салимовнинг сўзларига кўра, курснинг сакраши туфайли уларнинг шакари энди 6000 сўм туради. Шу сабабли, Ўзбекистон ички талабни нисбатан арзонроқ импорт шакари ҳисобидан тўлиқ қоплашга мажбур.

«Курс кескин ўзгарганлиги сабабли, улар ҳозирча нарх бўйича рақобатлаша олмайди. Шунинг учун заводларимиз ҳозир ишламаяпти. Менимча, бу йил Ангренда шакар ишлаб чиқариш бошланади. Ҳозирда улар нарх омили, логистикани ўрганмоқда. Давлат шакарнинг 6-7 минг туришини хоҳламайди», - дейди Салимов.

Унинг таъкидлашича, корхоналар раҳбарияти маҳаллий шакарнинг таннархини пасайтириш мақсадида логистика ва бошқа харажатларни оптималлаштиради. Хомашё етказиб берувчилар сифатида Покистон, Таиланд ёки Куба кўрилмоқда. «Агар заводлар иш бошласа, умуман олганда, улар асосан ички талабни қондира олади», - дея қайд этиб ўтди холдинг раисининг ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, яна бир тўхтатиб турувчи омил қанд лавлагисини етиштириш учун ернинг етишмаслигида. Шу сабабли, маҳаллий корхоналар ўзларининг қувватларини хориждан келтирилган шакарқамиш билан тўлдиришга мажбур.

Мавзуга оид