Ўзбекистон | 16:56 / 13.08.2018
5524
3 дақиқада ўқилади

Барча туман ва шаҳарларда қизлар саломатлиги маркази бўлимлари ташкил этилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

2017 йил 5 январда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан  ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари томонидан хотин-қизларимиз саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш, бунда миллий менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда, қулай шароитлар яратиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 2 февралда қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга кўра, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институти мустаҳкамлаш мақсадида комплекс чора-тадбирлар дастури ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майидаги “Қизлар ва фертил ёшидаги аёлларга кўрсатиладиган акушер-гинекологик ва тиббий ёрдам хизматлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юқоридаги вазифалар ижросида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди.

– Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг болалар гинекологияси бўлими негизида Республика қизлар саломатлиги маркази, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда Тошкент шаҳар ўсмирлар диспансерининг болалар гинекологияси бўлимлари негизида қизлар саломатлиги марказлари фаолият бошлади. Бундан ташқари, қизларимизга малакали гинекологик амбулатор ёрдам кўрсатиш мақсадида барча туман ва шаҳарлардаги кўптармоқли марказий поликлиникаларда  қизлар саломатлиги бўлимлари ташкил этилди, – дейди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосар Эльмира Боситхонова. – Мақсадимиз мамлакатимиздаги 5 миллиондан зиёд 18 ёшгача бўлган қизларни қамраб олишдир. Ушбу марказлар қиз болалар ва ўсмир қизларга юқори технологик, ихтисослаштирилган малакали тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий инфраструктурасини ривожлантиришда алоҳида ўрин тутади. Кейинчалик ушбу марказларга бўлган талабга қараб, фаолият қамровини яна кенгайтириб бориш ҳам кўзда тутилган.

Қайд этиш жоизки, Қизлар саломатлиги марказлари қиз болалар ва ўсмир қизларга махсус тиббий ёрдам кўрсатиш, болалар гинекологияси бўйича юқори технологияларга асосланган ўқув,  илмий ва моддий-техника базани шакллантиришга йўналтирилган. Бундан ташқари, тўпланган тажрибани республика соҳавий муассасаларига етказиш, шунингдек, болалар гинекологияси соҳасида  диагностика, даволаш, профилактика ва реабилитация бўйича юқори технологияларга асосланган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам бериш борасида ҳам фаолият олиб боради. 

Мавзуга оид