Ўзбекистон | 22:04 / 14.08.2018
11314
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти делегацияси Беларусь ва Татаристонда қатор келишувларга эришди

Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов 7-9 август кунлари Беларусь Республикасининг Минск вилоятига ташриф буюрди.

Беларусь бош вазирининг ўринбосари Михаил Русий билан бўлиб ўтган учрашувда Тошкент ва Минск вилоятларининг тўғридан-тўғри икки томонлама муносабатларини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси Анатолий Исаченко билан учрашувда томонлар туризм, тиббиёт, таълим соҳасида мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳамда саноат соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашдилар. 

“Беллегпром” концерни раиси Николай Ефимчик Ўзбекистон делегацияси билан мулоқот чоғида ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун тайёр эканлигини таъкидлади ҳамда Тошкент вилоятида “Беллегпром” билан ҳамкорликда тери, пахта, жун ва зиғир маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш таклифини берди.

Ташриф доирасида Тошкент вилоятида "Белаз" хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш ҳамда Беларусь Республикасига тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича умумий қиймати 20 миллион долларлик шартнома имзоланди.

Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимлиги делегацияси 9-10 август кунлари Татаристон Республикасининг Қозон шаҳрига ҳам ташриф буюрди.

Татаристон президенти Рустам Минниханов билан бўлиб ўтган учрашувда Татаристон ва Тошкент вилояти ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. 

Рустам Минниханов Тошкент вилоятида "КАМАЗ" хизмат кўрсатиш марказини ҳамда "ХИМГРАД" технопарки филиалини ташкил этиш ниятида эканини, шунингдек, Тошкент вилоятининг турар-жой-коммунал хизмат кўрсатиш, архитектура ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги мутахассислари малакасини ошириш бўйича ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди. 

Томонлар Тошкент вилоятида “КАМАЗ” сервис марказини ташкил этишга келишиб олишди. Қурилиш ишлари август ва сентябрь ойларида бошланади. 

Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида бирлашган чорвачилик мажмуини ташкил этиш таклифи Татаристон вакилларида катта қизиқиш уйғотди.  

Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши Тошкент вилоятида тиббий робот-симуляторлар ишлаб чиқаришни назарда тутадиган "Эидос-Медицин" компанияси лойиҳасидир.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти маҳсулотларини Татаристонга ва Татаристон маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига етказишни таъминлаш мақсадида махсус тузилма ташкил этилади.

Мавзуга оид