Ўзбекистон | 22:31 / 15.08.2018
4380
2 дақиқада ўқилади

E-VISA: Бир ойда 5025 нафар хорижликка электрон виза берилди

Жорий йилнинг 15 август ҳолатига кўра, 5 мингдан ортиқ хориж фуқароси Ўзбекистонга кириш электрон визаси (E-VISA)ни сўраб мурожаат қилган. 

Мурожаат йўллаган 42 мамлакат орасидан Хитой, АҚШ ва Буюк Британия фуқаролари етакчилик қилмоқда. Хусусан, Хитойдан - 1190 та, АҚШдан - 671 та ва Буюк Британиядан 611 та мурожаат келиб тушган.

Статистикада қайд этилишича, бугунга қадар 5025 хорижликка виза берилган, 434 нафарининг мурожаати тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Ҳозирга қадар фақат бир кишининг Ўзбекистонга кириш мурожаати рад этилган.

Таъкидлаш жоизки, 15 июль кунидан бошлаб Ўзбекистонда хорижлик фуқароларга республикада туристик мақсадларда  бўлиш учун электрон кириш визаларини расмийлаштириш ишлари бошланган. Электрон виза хориж фуқаросига 30 кун муддатга Ўзбекистон ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради ва бу виза тақдим этилган кундан бошлаб 90 кун муддат ичида амал қилади. 

Берилган электрон виза хориж фуқаросининг e-visa.gov.uz порталига қилган мурожаатида кўрсатилган электрон манзилга жўнатилади.

Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат бериш Ўзбекистон Республикасига келиш санасидан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади. Электрон кириш визасини олиш мурожаатини кўриб чиқиш учун консуллик йиғими ҳажми 20 АҚШ долларини ташкил этади.

Мавзуга оид