Фан-техника | 21:20 / 20.08.2018
8838
2 дақиқада ўқилади

Toyota бир авария учун 242 млн. доллар тўлашга мажбур бўлди

АҚШнинг Техас штатидаги маслаҳатчилар суди Toyota компаниясига Lexus ES300 седанида автоҳалокатга учраган оилага товон пули тўлаш мажбуриятини юклади.

Йўл-транспорт ҳодисаси 2016 йилда рўй берган: 2002 йили ишлаб чиқарилган автомашинага бошқа автомобил келиб урилган. Натижада, «Лексус» йўловчилари, жумладан, икки нафар гўдак жиддий жароҳатларга дучор бўлишган.

Оиланинг адвокатлари жароҳатларга олд ўриндиқлар суянчиғининг нотўғри лойиҳалаштирилгани сабаб бўлганини таъкидлашган. Даъвогарларнинг фикрича, Toyota компанияси мазкур нуқсондан хабардор бўлган, бироқ уни тўғрилаш учун бирор ҳаракат қилишмаган.

Суд маслаҳатчилари жабрланганлар тарафга ўтиб олишди: суд қарорига кўра Toyota оиланинг даволанишга сарфлаган харажатларини қоплаш билан бир қаторда, маънавий зарар учун 100 миллион доллар тўлайди. Бироқ компаниянинг жами зиёни жарималар туфайли кўпроқ бўлади: умумий ҳисобда Toyota 242 миллион доллар тўлашга ҳукм қилинди.

Toyota компанияси вакиллари суд маслаҳатчилари қарорини ҳурмат қилишларини билдирар экан, жароҳатлар учун нафақат автомобиль конструкциясидаги нуқсонлар, бошқа бир неча омиллар ўз таъсирини ўтказганини айтиб ўтишган.

Мавзуга оид