Жамият | 00:12 / 22.08.2018
20790
6 дақиқада ўқилади

Хиваликлар мурожаати: «Чанашик қишлоғидаги ягона ариқ кўмилиб кетяпти!»

Сув — инсон ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган неъмат. Қишлоқ хўжалигида эса унинг қиймати баъзан олтиндан ҳам қимматроқ.

Бугунги мақоламизда ариқлар кўмилиб бораётгани туфайли, сувсиз қолиб кетаётган, натижада, рўзғор тебратишда қийналаётган аҳоли дарди ҳақида гапирамиз.

Хоразм вилояти, Хива тумани, «Чанашик» маҳалласида истиқомат қилувчи бир қанча ҳамюртларимизни шу муаммо ташвишга солмоқда. Қишлоқ ҳудудидан ўтувчи ариқ аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан кўмиб юборилиши, унинг устида ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширилиши натижасида, тобора йўқолиб бормоқда. Натижада маҳалланинг чеккасида истиқомат қилувчи аҳолининг томорқасига сув етиб бормаяпти.

Kun.uz Хива тумани, «Чанашик» маҳалласига бориб, вазиятни кузатди, аҳоли билан суҳбатлашди.

65 ёшли отахон, маҳалланинг собиқ посбони Матчонов Отабой сўзларига кўра, маҳалла ҳудудидан ўтувчи ва чекка жойлардаги одамларнинг томорқасига сув олиб борувчи ариқ одамлар томонидан кўмиб юборилмоқда.

«Маҳалланинг чекка ҳудудларида яшовчи одамларнинг томорқаси мана шу ягона ариқдан сув ичарди. Ҳозир эса бу ариқ кўмиб юборилмоқда ва йўқолиб кетмоқда. Унинг атрофига одамлар турли дарахтларни экишган, натижада, ариқ кичрайиб бормоқда. Олдин мана шу ариқдан нафақат аҳолининг томорқасини, балки 75 га ерни суғориш учун фойдаланилар эди. Кўплаб раҳбарларга мурожаат қилдик, бироқ, ҳеч ким ариқни тозалатиб берамиз деган сўздан нарига ўтмаяпти».

58 ёшли аёл Гавҳар Маткаримова сўзларига қараганда, ариқ муаммоси аҳолини жуда қийнаб қўйган.

«Маҳалламизнинг эркаклари хорижга ишлагани кетган. Ҳозир бу ерда аёллар, ёш болалар ва қариялар қолган. Биз қандай қилиб бу ариқни ўзимиз қазиб, чуқурлаштиришимиз мумкин. Оддий трактор бир неча метр жойни қазиб бериш учун 250 минг сўм сўрайди. Бунга қурбимиз етмайди».

Айни пайтда, «Чанашик» маҳалласида «Обод қишлоқ» дастури асосида ободонлаштириш, ижтимоий-маиший биноларни қуриш ишлари бошлаб юборилган. Улардан бири, яъни маҳалла қўмитаси биноси айнан шу ариқнинг устига тўғри келиб қолган.

«Маҳалла қўмитаси биноси ариқ устига қурилмоқда. Томорқамизга сув қаердан боради десак, «12 метрли қувур ташланглар, шу орқали сув боради», деган жавобни олдик. Бунга маблағни қаердан оламиз? Нима учун биз қурилиш ишини ўзимиз қилишимиз керак? Дарё суви лойқали, агар қувур тиқилиб қоладиган бўлса, уни ичига кириб, қандай очамиз?» — деди кўп йиллар давомида ўқитувчи бўлиб ишлаган Гавҳар Маткаримова.

«Ариқларга ўрнатилган қувурларнинг ичига лой йиғилиб, тез-тез тиқилиб қолади. Ичига ёш болаларни киритиб, уни тозалаб туришга мажбурмиз. Катталар киролмайди, сиғмайди. Агар 12 метр қувур ташласак, буни қандай тозалаймиз?» — деди Отабой Матчонов.

Нафақадаги 63 ёшли Жуманиязова Ровияжон сўзларига кўра, томорқаларни суғориш имкониятининг йўқолиб бораётгани одамларни хавотирга соляпти.

«Мана шу ариқдан 200га яқин уй-хўжалиги томорқаси суғорилар эди. Одамлар шунинг ортидан рўзғор тебратишарди. Аслида, бу катта ариқ эди. Энди эни ярим метрга бормайдиган ариқча бўлиб қолди. Икки йилдан бери боғларимиз сув ичмаяпти, болаларимизга мева едиролмаяпмиз».

70 ёшли Сора Нурметова сўзларига кўра, икки йилдан бери томорқасига сув бормаяти.

«Икки йилдан бери боғимни суғора олмаяпман. Мана шу ариқ туфайли аҳоли орасида баҳслар, катта жанжаллар юз бермоқда. Одамларнинг бир-бирига муносабати ёмонлашиб кетмоқда».

Бугунги кунда томорқага эга бўлган ҳар бир оила ундан самарали фойдаланиши лозимлиги, бир қарич ерини бекор қўймасдан, уни экиб, ҳосил олиши лозимлигини талаб қиляпмиз. Қишлоқ аҳолиси бунга қарши эмас, аслида уларнинг мақсади ҳам шу. Кичик томорқасини экиб, ундан сабзавотлар, полиз экинлари ҳосилини олса, мева-чева етиштириб, уларни сотса, даромади ошади, рўзғори тебранади. Аммо, бунинг учун сув керак. Томорқа экинлари сув ичмаса, қилинган меҳнатдан фойда йўқ.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида суғориш тизимига эътибор анча сусайиб кетди. Маҳаллий ҳокимият давлат мулкининг муҳофазасига бўлган эътиборни пасайтирди. Натижада, одамлар ўз уйининг олдидаги пиёдалар йўлаги, қатнов йўли, умумхалқ фойдаланадиган ариқларга, заҳкаш ва суғориш каналларига ўзбошимчалик билан эга чиқмоқдалар. «Бу менинг ҳудудим, демак бу менинг мулким, нима қилсам, шуни қиламан», деб ўзи билганча иш тутмоқдалар. Оқибатда, уйи олдидаги пиёдалар йўлагини тўсиб, ўзбошимчалик билан турли қурилиш ишларини амалга ошириш, йўлларни ёпиб, томорқа, боғга айлантириш, ариқлар, захкашларни кўмиб юбориш каби ҳолатлар кўпайиб кетган. Мана шундай ишлар ортидан аҳоли ўртасида келишмовчиликлар, норозиликлар, катта жанжаллар юзага келяпти.

Маҳаллий ҳокимият одамларнинг давлат мулкига, яъни умумхалқ фойдаланадиган мулкка нисбатан ҳурматини тиклаши шарт. Қатнов йўллари, пиёдалар йўлаги, ариқлар устини ноқонуний қурилишлардан, панжара ва тўсиқлардан тозалаш лозим. Захкаш ва бошқа каналларни кўмиб юбораётганларга қарши қонуний чораларни қўллаш керак. Агар давлат мулкига бўлган ҳурмат тикланса, бунда нафақат давлатнинг, балки барча аҳолининг манфаати ҳимояланган бўлади.  

Умид қиламизки, Хива тумани «Чанашик» маҳалласи аҳолисини қийнаб келаётган бу муаммо ўзининг ижобий ечимини топади.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид