Light | 22:07 / 23.08.2018
92544
5 дақиқада ўқилади

Гастрит: сабаблар ва профилактика

Статистикага кўра, гастрит белгилари камида ҳар иккинчи одамга таниш. Маккор касаллик катталарга ҳам, болаларга ҳам ҳужум қилади, зеро соғлом ҳаёт тарзи ва тўғри овқатланиш ҳам соғлом ошқозон кафолати бўла олмайди. Унда нима қилиш керак? Ўзингизни ва яқинларингизни бу касалликдан қандай ҳимоялаш мумкин? "Здоровье с Еленой Малышевой"да гастрит қандай касаллик экани ва нима учун унинг бу қадар кенг тарқалганига доир маълумотлар тақдим этилди.

Гастрит нима?

Қисқа қилиб айтганда, бу - ошқозон шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Гастритда ошқозон ўз вазифасини нормал бажара олмайди: таом яхши ҳазм бўлмайди, бу ҳолсизлик ва қувват етишмовчилигига олиб келади. Беморлар кўпинча қорин соҳасида оғриқ ҳис қилишади, шунингдек кўнгил айниши, қайт қилиш, ич қотиши ва иштаҳа пасайиши кузатилади. Бироқ касаллик деярли белгиларсиз кечиши ҳам мумкин. Ошқозон-ичак тракти касалликларининг 80 фоизи - гастритнинг у ёки бу шакли.

Нима учун гастрит юзага келади?

Гастрит ривожланишининг асосий сабаблари орасидан қуйидагилар қайд этилади:

1. Helicobacter pylori бактерияси

Гастрит ва ошқозон яраси 85 фоиздан ортиқ ҳолатларда айнан шу бактерия сабаб ривожланади. Шуниси диққатга сазоворки, шифокорлар узоқ вақт Helicobacter pylori бактериясининг мавжудлиги ҳақида билишмаган, гастрит сабаби сифатида эса юқори кислоталилик ва стресс кўрсатилган. 2005 йилда америкалик олим Барри Маршалл ушбу микроорганизмни кашф қилгани учун Нобель мукофоти билан тақдирланган.

Helicobacter pylori одамдан одамга асосан маиший йўл билан ўтади - аксарият ҳолатларда умумий овқатланиш идишлари орқали. Шундай бўлса-да, нима учун бу бактерия баъзи кишиларга катта зиён етказиб, ҳатто саратонгача олиб келиши, бошқалари эса бутун ҳаёти давомида организмида бундай бактерия борлигини билмай ҳам ўтиши ҳақидаги савол очиқлигича қолмоқда.

2. Тартибсиз овқатланиш

Қуруқ егуликлар, овқатни тез чайнаш, ҳаддан ташқари иссиқ, совуқ ва аччиқ таом - буларнинг бари ошқозон деворларига зиён етказади. Шу билан бирга, шўр таомлар ҳам гастритни келтириб чиқариши мумкин, зеро у Helicobacter pylori фаоллигига ижобий таъсир кўрсатади.

3. Алкоголь

Этил спиртини мунтазам истеъмол қилиш ошқозон шиллиқ қавати учун зарарлидир. Спиртли ичимликлар қанча ўткир бўлса, уларнинг организмга таъсири шунча жиддий бўлади.

4. Дорилар

Гатроэнтерологияда шундай бир диагноз бор - медикаментоз (доривор) гастрит. У кўпинча ўзбошимча даволаниш асорати бўлади. Беморларнинг тахминан 20 фоизида касаллик шамоллашга қарши препаратлар, антибиотиклар, инсулин, глюкокортикоид гормонлар ва силга қарши воситаларни узоқ вақт нотўғри қўллаш натижасида намоён бўлади. Бу ва бошқа баъзи дорилар ошқозон шиллиқ қаватига салбий таъсир кўрсатади, лекин дорихоналарда рецептсиз сотилади.

5. Гижжа инвазияси

Баъзи тадқиқотчилар гастритнинг паразитлар билан зарарланишга боғлиқлигини таъкидлашади.

Гастрит ҳар иккинчи одамда бўлса-ю, аксарият бу ҳақида ҳатто билмаса, уни даволашга ҳожат бормикан?

Сўнгги илмий кашфиётлар шарофати билан бугунга келиб гастрит муваффақиятли даволанмоқда. Бироқ баъзилар агар ҳеч нима безовта қилмаса (ёки кўп безовта қилмаса), ташхисга эътибор бермаслик мумкин, деб ҳисоблашади. Аммо бундай ёндашув хавфли: ошқозон фаолияти бузилиши даволанмаса, унинг кўлами кенгайиб, ярага айланиши мумкин. Бундан ташқари, йиллар давомида ривожланувчи ошқозон касалликлари - бу онкологик касалликларга тўғридан-тўғри йўл дегани. Ошқозон саратони ҳолатларининг 70-90 фоизи Helicobacter pylori билан зарарланиш ва ўз вақтида даволанмаслик натижасида бошланади.

Буни қандай бартараф этиш мумкин?

Аввал шифокорга учрашинг, айниқса гастритнинг бирор белгилари сизни безовта қилган бўлса. Деярли ҳар қандай касалликни муваффақиятли даволаш гарови эрта ташхис қўйишдир.

Замонавий тиббиёт даражаси касаллик ёки унинг қўзғатувчилари мавжуд ё йўқлигини тез ва аниқ белгилаш имконини беради.

Қуйидаги бир неча мураккаб бўлмаган тавсиялар Helicobacter pylori билан зарарланишнинг олдини олишда ёрдам беради:

  • Овқатдан олдин қўлларингизни ювинг;
  • Бировнинг идишидан овқат еманг;
  • Шахсий гигиена воситаларидан фойдаланинг.

Ва албатта, барчага маълуму машҳур қоидалар ўз долзарблигини йўқотмайди: чекишни ташланг, спиртли ичимликлар ичманг, ўзбошимчалик билан даволанманг ва тартибли овқатланинг - бу тамойиллар нафақат гастрит, балки кўплаб бошқа касалликларни четлаб ўтишга ёрдам беради.

Мавзуга оид