Light | 19:25 / 27.08.2018
54606
3 дақиқада ўқилади

Воз кечишингиз шарт бўлган 4 та кераксиз одат

Куз фасли келишига жуда оз қолди. Йилнинг янги фасли – бахтли ҳаётга халақит қиладиган эски одатлардан халос бўлиб, янгиларини жорий этиш учун ажойиб баҳона. Нималарни ортда қолдирган маъқул экани ҳақида сўзлаймиз.

Фото: Unsplash

Ўзингизни инстаграмдаги одамлар билан таққослашни бас қилинг

Баъзида ижтимоий тармоқ лентасини кўздан кечириб, кўз ёш тўкмаслик имконсиз. Айрим кишилар Балида ўнинчи марта дам олишмоқда, бошқалари уйда ўтириб, ойига жуда катта даромад топишяпти. Истасанг-истамасанг, менда нимадир нотўғри деб ўйлайсан. Бу эса бизнинг энг зарарли одатларимиздан. Биринчидан, сиз улар кўрсатишни истаган нарсанигина кўряпсиз. Иккинчидан, уларнинг ютуқлари бироз бўрттирилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Ўзингизни кечаги ўзингиз билангина солиштиринг ва яхши томонга ўзгарган-ўзгармаганлигингизни ўйланг.

Фото: Unsplash

Вақтни бесамар кетказишга хизмат қиладиган сайтларга кирманг

Вақт – энг қимматли ресурс. Бу ресурсни ижтимоий тармоқлар, кўнгилочар сайтларда бекорга сарфлаш энг ёмон вариант. Сўзсиз, оғир иш кунидан кейин дам олиш ва мияни енгил бирор нарса билан банд қилиш истаги пайдо бўлади. Бироқ вақтни ақл билан сарфлашингиз кераклигини унутманг. Энг қўрқинчлиси – кечки соат беш бўлишига қарамай, ҳеч қандай иш бажарилмаган. Кунингизни кулгили видеолар томоша қилиб ўтказиб юбордингиз.

Фото: Unsplash

Бир вақтнинг ўзида бир неча ишни бажарманг

Ўн йил илгари мультитаскинг (кўп вазифалилик айнан шундай номланади) резюмедаги шубҳасиз ижобий жиҳат сифатида қаралган. Бугун эса олимлар унинг унумсиз эканини исботлашди. Бир вақтнинг ўзида бир неча ишни бажариш орқали одам уларнинг бирортасига ҳам диққатини жамлай олмайди. Натижада сифат азият чекади. Шунинг учун бир вақтнинг ўзида ижтимоий тармоқни кузата туриб, бошлиғингиз сўзларини тинглашга уринманг.

Фото: Unsplash

Ишни ҳаётингиз мазмунига айлантирманг

Карьеризм жамиятимизнинг муаммоларидан бири. Кўпчилик карьера пиллапояларидан тезроқ одимлаш илинжида. Пул ва мавқе ортидан қувиб, кимдир оиласини йўқотади, баъзилар умуман турмуш қурмайди. Ўйлаб кўринг, иш ҳаётингизнинг асосий мазмунига айланишини ҳақиқатан ҳам истайсизми? Ахир бундан муҳимроқ ишлар ҳам бор-ку…

Мавзуга оид