Жаҳон | 00:08 / 29.08.2018
41224
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг кекса аёл узоқ умр кўриш сирини айтди

Фото: AP

Боливияда дунёдаги энг кекса аёл аниқланди. У билан Associated Press агентлиги мухбирлари суҳбатлашишди.

Хулиа Флорес Колке 1900 йил 26 октябрда Сакаба шаҳрида кечуа ҳиндулари оиласида туғилган. Болалиги тоғда чўпонлар орасида ўтган, кейинроқ шаҳарга кўчиб келган ва ўзи етиштирган мева-сабзавотларни сотиш билан кун кечирган. Колке узоқ умр кечиришининг асосий сири соғлом овқатланишда деб билади ва баъзида пирог ейиши ёки газланган сув ичиши мумкинлигини айтган. У турмушга чиқмаган ва фарзанд кўрмаган.

Колкенинг айтишича, у кунни чаранго деб номланувчи торли мусиқа асбобини чалиш билан ўтказади. У ит, мушук ва товуқ боқади. 65 ёшли набира жияни Агустина Берна Колкенинг ҳолидан хабар олиб туради.

Колке дунёдаги энг кекса аёл ҳисобланади. Унинг ёши жаҳон рекордчиси, шу йилнинг июлида вафот этган 1901 йилда туғилган япониялик Тие Миякодан ҳам катта. Аммо Гиннесснинг рекордлар китоби вакиллари Колкедан ариза тушмаганлигини билдиришди. Журналистларнинг аниқлашларича, аёлнинг бундай китоб борлигидан хабари ҳам бўлмаган.

Сакаба шаҳри ҳокимияти Колкени «тирик мерос» деб эълон қилди. Ҳукумат ва шахсий фондлар ҳисобига унинг уйи таъмирлаб берилди. Колке бир неча йил илгари йиқилиб тушиб бели лат еганди. Шифокорлар унинг оёққа тура олмаслигини айтишган, аммо аёл уларнинг бу тахминларини йўққа чиқарганди.

Мавзуга оид