Спорт | 20:30 / 29.08.2018
24395
2 дақиқада ўқилади

Рекордлар ва олтин. Светлана Радзивил ва Надия Дусановага тенг рақиб топилмади

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида давом этаётган Осиё ўйинларида енгил атлетиканинг баландликка сакраш баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси биратўла 2та медал олди.

Баландликка сакраш мусобақасида олтин медал учун кураш Ўзбекистон енгил атлетика терма жамоаси аъзолари Светлана Радзивил ва Надия Дусанова ўртасида кечди.

Якунда тажрибали Светлана Радзивил 1,96 метрлик баландликни забт этиб, 2010 йилда ўзи ўрнатган Осиё ўйинлари рекордини янгилаган ҳолда кетма-кет учинчи марта Осиё ўйинлари чемпионига айланди. Надия Дусанова 1,94 метрлик натижани қайд этиб, ўзининг шахсий рекордини янгилади ва кумуш медал билан тақдирланадиган бўлди. Бу унинг иккинчи марта Осиё ўйинларида кумуш медал олишидир. У 2010 йилда Гуангжоудаги Осиё ўйинларида Радзивилдан кейинги иккинчи ўринни олганди. 2014 йилги мусобақаларда у бронза медали билан кифояланган.

Учинчи ўринни 1,84 м натижасида тўхтаган қозоғистонлик Надежда Дубровская эгаллади.

Ушбу натижадан кейин Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар сони 45тага етди. Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси 12та олтин, 17та кумуш, 16та бронза медал жамғарган ҳолда умумжамоа ҳисобида 7-ўринга кўтарилиб олди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид