Спорт | 15:40 / 31.08.2018
4051
2 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари. Яна икки ўзбекистонлик самбочи бронза учун гиламга чиқади

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Осиё ўйинларининг ўн учинчи кунида самбо бўйича баҳслар ўтказилмоқда.

Эркаклар ўртасидаги мусобақада Ўзбекистон шарафини -52 кг вазн тоифасида ҳимоя қилаётган Ислом Аҳмеджанов илк баҳсдаёқ тожикистонлик рақиби Жоми Ҳасанийдан енгилди (0:4). Жоми Ҳасаний ярим финалга етиб боргач, Аҳмеджановда бронза учун ўтиш ўйинларида иштирок этиш имконияти пайдо бўлди.

Шундан сўнг у 3 босқичдан иборат ўтиш ўйинларида қатнашди. Аҳмеджанов аввалига эронлик Соҳил Жамалабадий устидан ғалаба қозонди (2:0), кейинги босқичда индонезиялик Мавлана Муттақиндан устун келди (4:0). Финал босқичида эса япониялик Кота Ямамотога қарши гиламга чиққан Ислом Аҳмеджонов яна ғалаба қозонди (4:0).

Энди у бронза медали учун қозоғистонлик Беймбет Канжановга қарши гиламга чиқади.

Шу вазн тоифасидаги яна бир ўзбекистонлик самбочи Аҳмад Раҳматуллоев нимчорак финалда индонезиялик Муҳаммад Ваҳюди тўсиғидан ўтди (3:1). Аммо чорак финалда қозоғистонлик Беймбет Канжановга мағлуб бўлди (1:3). Шундан сўнг бронза медал учун ўтиш баҳсларида иштирок этган Раҳматуллоев аввалига тожикистонлик Сомон Сангов билан беллашди ва ғалаба қозонди (3:0). Унинг иккинчи босқичдаги рақиби суриялик Ҳусн Мунир бўлди. У бу рақибини ҳам таслим этди (3:0).

Энди у бронза медал учун тожикистонлик Жоми Ҳасаний билан беллашади.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон самбо жамоасининг икки вакили, -48 кг вазн тоифасида турнирга келган Мадина Турғунбоева ва Нодира Гулова ўзаро кураш олиб бориши маълум бўлганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид