Жаҳон | 23:33 / 04.09.2018
9805
2 дақиқада ўқилади

Лондонда яна заҳарли модда билан ҳужум уюштирилди

Лондон ғарбида уч киши заҳарли модда билан ҳужум қилиш оқибатида жабрланди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар берди.  

Телеканал маълумотларига кўра, полиция маҳаллий вақт билан соат 2ларда ушбу воқеа ҳақида маълумот олган.

Воқеа юз берган Уэстерн-Гроув кўчасига шифокорлар, полиция ва ўт ўчирувчилар етиб келган. Жабрланувчилар шифохонага етказилган.

Sky News телеканалининг хабар қилишича, ҳужум дўконлардан бирида содир этилган. Дўкон ходимлари харидорлардан бирини ўғрилик қилишда гумон қилишгач, харидор уларнинг юзига номаълум моддани пуркаган. Таъкидланишича, жабрланувчилар ҳаёти хавф остида эмас.

Жорий йилда Буюк Британия фуқароларига кимёвий моддалар қўлланган ҳолда иккита ҳужум содир этилди. Июль ойида Эймсберида икки киши – бир аёл ва бир эркак номаълум модда таъсири сабабли шифохонага тушган. Аёл вафот этган, эркак ҳушига келган. Бундан бир неча ой олдин эса Солсберида Британия фойдасига жосуслик қилган собиқ россиялик разведкачи Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланган. Лондон бунда Москвани айблаган, бироқ бунинг бирорта исботини келтира олмаган. Россия эса бу айбловларни рад этиб келади.

Мавзуга оид