Ўзбекистон | 09:57 / 05.09.2018
40592
2 дақиқада ўқилади

Тошкент молия институтига янги ректор тайинланди 

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Тошкент молия институтига янги ректор тайинланди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 сентябрдаги қарори билан Улуғбек Ўктамович Азизов Тошкент молия институти ректори лавозимига тайинланди.

Улуғбек Азизов 1976 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, маълумоти олий, 1998 йилда Тошкент молия институтини, 2007 йилда Йокогама Миллий университети (Япония)ни тамомлаган. Иқтисод фанлари номзоди, доцент.

Бунга қадар иқтисод фанлари доктори, профессор Низомиддин Ҳамроевич Ҳайдаров 2017 йилнинг 23 майидан Тошкент молия институти ректори лавозимида фаолият кўрсатиб келаётганди.

1991 йил президентнинг фармонига кўра Тошкент халқ хўжалиги институтининг Молия-кредит ва ҳисоб-иқтисод факультетлари негизида Тошкент молия институти ташкил этилди.

Институт ҳозирги даврда молия, банк, солиқ, суғурта, қимматли қоғозлар ва фонд биржаси, инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби, аудит, менежмент, касбий педагогик тайёргарлик каби қатор таълим йўналишлари бўйича бакалавр ва магистрлар тайёрлаб келмоқда.

Мавзуга оид