Спорт | 09:30 / 07.09.2018
34277
2 дақиқада ўқилади

Кураш. Шерали Жўраев президент соврини учун ўтказилган I халқаро турнир ғолиби

Пойтахтда кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси президенти соврини учун халқаро мусобақа ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.

Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, баҳслар мутлақ вазн тоифасида ташкил қилинди. Жаҳоннинг 40га яқин мамлакатидан полвонлар иштирок этган мусобақа финалига икки нафар ўзбекистонлик курашчи етиб борди. Бекмурод Олтибоев ва Шерали Жўраев ўртасидаги финал беллашувида эса Шералининг қўли баланд келди ва якунда у мусобақа ғолибига айланди.

Шерали олтин медаль билан бирга мусобақа ғолиби учун аталган 50 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулига ҳам эга чиқди. Иккинчи ўрин соҳиби Бекмурод Олтибоевга 25 000 АҚШ доллари насиб қилди. Бронза медалини қўлга киритган спортчилар Аслан Камбиев (Россия) ва Темур Раҳимов (Тожикистон) эса 10 000 АҚШ доллари билан кетадиган бўлишди. Шунингдек, 5-8 ўринни қўлга киритган спортчиларга 1250 АҚШ доллари миқдорида мукофот топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Шерали Жўраев ва Бекмурод Олтибоев Индонезияда бўлиб ўтган Осиё ўйинларида дзюдо бўйича иштирок этиб, бронза медалларга сазовор бўлишганди.

Жўраев -100 кг вазн тоифасидаги баҳсларда, Олтибоев эса +100 кг вазн тоифасидаги баҳсларда учинчи бўлишганди.

Мавзуга оид