Жамият | 14:56 / 08.09.2018
17548
3 дақиқада ўқилади

Андижондаги тоза ичимлик суви муаммолари зудлик билан бартараф этилди

Келажакда аҳоли сонининг янада ошиши билан ичимлик сувига бўлган эҳтиёж кескин ортади. Шунинг учун ҳам яқин йилларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш энг долзарб муаммолардан бири бўлишига шубҳа йўқ. Бироқ унга қадар сувга бўлган муносабат ўзгариши шарт.

KUN.UZ янги – “Сўз сизга” лойиҳасининг илк сонида тоза сув исрофи бўйича Андижон шаҳридаги манзараларни тилга олганди.

Мазкур лавҳа эфирга кетиши билан муаммолар Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги назоратига олинди. Андижон вилоят ҳокими мазкур масалага жиддий эътибор берди. Вилоят мутасаддилари ишга киришди. 3 кун ичида тоза сув исрофи бартараф этилди.

Биринчи манзил: Андижон шаҳар, Юлдашев кўчасидаги темир қувур носозлиги жорий йил 29 июль куни бартараф этилган. Таъкидлаш керак, мазкур тасвирлар 4 июлда суратга олинган эди. Демак 25 кундан сўнг носозлик бартараф этилган.

 Кейинги манзил Андижон шаҳар, Фурқат кўчасидаги марказий сув тармоғидан кўп қаватли уйларга уланган нуқтадаги қувур носозлиги 5 сентябрь куни бартараф этилди.

Учинчи манзил:  Андижон шаҳар, Ўзбекистон кўчасининг бошидаги катта миқдордаги кучланиш билан оқаётган сув қувурининг носозлиги эди. Мазкур носозлик ҳам 5 сентябрь куни бартараф этилган.

Галдаги манзил: Сой даҳасидаги 3 та нуқта. Бири фаввора бўлган улкан сув қувуридаги ёриқ. Аслида, бу ёриқ эмас, аксинча, махсус сув қувуридаги ҳавони чиқариб юбориш учун қўйилган жой экан. Шундай бўлсада бу нуқта қувурнинг бошқа жойига ўтказилган. Бозорча орқасидаги яна бир носозлик. Мазкур муаммо 6 сентябрь куни бартараф этилган. Ва сўнгги манзил Сой даҳаси марказидаги носозлик. Сойга оқизилган тоза сув. Айни дамда бу носозликни ҳам бартараф этиш ишлари якунланмоқда.   

Андижон вилояти “Сувоқава” давлат унитар корхонаси бошлиғи Шуҳратбек Матмусаев шундай дейди:

“Андижон вилояти ҳокимининг ташаббуси билан ва аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида шу кунга қадар 77 млрд 600 минг сўмлик маблағ ажратилди. Айни дамда пудратчилар томонидан тегишли тартибда зарур ишлар амалга ошириб борилмоқда. KUN.UZ томонидан Андижондаги тоза ичимлик суви муаммосини ҳал этиш учун ишчи гуруҳ ташкил этилди ва муаммолар бартараф этилди”.  

Сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва келгуси авлодга етказиб бериш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Сувга бўлган муносабатни ўзгартириш пайти келди. KUN.UZ тоза сув исрофи бўйича ўз ишини давом эттиради. Бизни кейинги манзилларда кутинг!

Мавзуга оид