Жаҳон | 22:13 / 11.09.2018
10507
2 дақиқада ўқилади

Шри-Ланка президенти самолётдаги “ит ҳам емайдиган” егуликдан шикоят қилди 

Фото: Tharaka Basnayaka / Globallookpress.com

Шри-Ланка президенти Майтрипала Сирисена миллий авиакомпания самолётида унга берилган кешю ёнғоқларидан шикоят қилди. Бу ҳақда BBC News маълум қилди. 

Воқеа ўтган ҳафта Сирисена SriLankan Airlines миллий авиакомпанияси самолётида парвоз қилганда юз берган. “Мен Непалдан қайтаётганимда, самолётда нафақат инсон, балки ит ҳам ея олмайдиган кешю беришди. Ким бунга рухсат беради? Ким жавобгар?”, деб айтган Сирисена мамлакат жанубидаги фермерлар олдидаги нутқида.

Ёнғоқлар Сирисенага нимаси билан ёқмаганига ойдинлик киритилмаган.

Таъкидланишича, авиакомпаниянинг қарзи миллион доллардан камроқни ташкил қилади. Бундан ташқари, компания охирги йиллар бир неча маротаба коррупцияда айбланган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан махсус президент комиссияси тергов олиб бормоқда.  

Сирисена Шри-Ланка президенти лавозимини 2015 йил январдан бери эгаллаб келмоқда. У 5 йилдан кейин иккинчи муддатга номзодини қўймоқчи эмаслигини маълум қилган. 

Ёнғоқлар Жанубий Кореянинг Korean Air авиакомпанияси самолётида ҳам жиддий можарога сабаб бўлган. 2014 йил охирида авиакомпания раҳбарининг қизи унга самолётда ёнғоқлар ликопчада эмас, пакетчада берилганидан дарғазаб бўлган. У ҳаттоки учиш йўлагида бўлган самолётни ортга қайтартирган. Ушбу можаро матбуотда аён қилингач, авиакомпаниянинг айбдор ходими ишидан бўшаб кетган. У ҳаттоки бир неча ой қамоқда ўтказишига тўғри келган.

Мавзуга оид