Спорт | 14:50 / 18.09.2018
21785
12 дақиқада ўқилади

Салоҳ Неймарга қарши. ЕЧЛ интригалари

Бугун еврокубокларга ҳам катта ўйинлар қайтмоқда. 18 сентябрь куни Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичи старт олади. Бугун мухлисларни 4та гуруҳда 16 жамоа иштирокидаги 8та тўқнашув кутиб турибди.

Бу сафар тақвимда мухлислар учун жуда яхши ўзгариш кутмоқда. Гап шундаки, энди тур ўйинларидаги бир кундаги 8 ўйиндан 2таси 2соат эртароқ бошланади. Яъни энди, фақат Шарқий Европада ўйинлар бўлганда эмас, балки ҳар турда мухлислар кетма-кет икки ўйинни жонли томоша қилишлари мумкин. Бугун «В» гуруҳида «Барселона» – ПСВ ҳамда «Интер» – «Тоттенҳэм» ўйинлари шу янги вақтда, яъни Тошкент вақти билан соат 22:00да бошланади.

1-турнинг биринчи кунидаги қизиқарли учрашувлар анонсини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

A гуруҳи – «Атлетико» уйидаги финал орзусида

Ўз мамлакатида ҳар томонлама устун гранд клублар борлигига қарамасдан, тўғри менежмент ва мураббийлар ёрдамида уларга қаршилик кўрсата олаётган ва еврокубокларда ҳам муваффақиятли тўп сурган, хуллас бир-бирига жуда ўхшаш бўлган уч клуб бир гуруҳда тўпланган. Табиийки, плей-офф учун кураш бу даврада жуда қизғин кечади ва ҳар турда рақибларнинг ўзаро тўқнашувига гувоҳ бўламиз. Тағин ким билади, балки «Брюгге» ҳам ўз сўзини айтиб қолар. Эсингизда бўлса, ўтган йил «Атлетико» иштирок этган ўхшаш гуруҳда («Челси», «Рома») гуруҳ масаласини кутилмаганда «Қорабоғ» ҳал қилиб юборганди. Яъни, айнан озарбойжонликларга қарши натижа кўрсата олмаган жамоа якунда плей-оффга чиқа олмаганди.

Биринчи турдаги эътиборли ўйин Монакода кечади. Симеоненинг иштиёқи Жардимнинг шижоатига қарши келади. Ҳар икки жамоа мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмаганликларини эътироф этиш керак. Илк ўйинда «Райо Вальекано» устидан ғалаба қозонган мадридликлар кейинги 3 ўйинда муваффақиятсизликка учради. Симеоне шогирдларининг омадсизлигини чиндан омадсизлик десак, «Монако» Францияда сўнгги 4 ўйинда ғалабага эриша олмаганининг объектив сабаблари бор.

«Монако»нинг биратўла 8 футболчиси жароҳатдан тикланиб улгурмаган. Фақатгина Радамел Фалькаони бу ўйин учун оёққа турғазишнинг имкони бўлди холос. Бугун жамоага ёрдам бера олмайдиганлар ичида Субашич, Рони Лопеш, Йоветич каби етакчи футболчилар ҳам, Головин каби янги трансфер қилинган футболчилар ҳам бор.

Шунингдек, «Атлетико»нинг ёздаги йирик хариди Лемарнинг собиқ жамоасига қарши қандай ўйин кўрсатиши ҳам ўйинга қўшимча интрига юкласа керак. Албатта, Радамел Фалькаонинг ҳам аввал айнан «Атлетико»да порлаганини ҳам ҳеч ким унутгани йўқ.

«Брюгге» - «Боруссия» Д
18 сентябрь. Брюгге. «Ян Брейдел» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 1)
Йўқотишлар: Мата (жароҳат), Никамба (сўроқ остида) – Эмер Топрак (жароҳат), Алькасер, Рафаэл Геррейру (барчаси – сўроқ остида)
Ҳакам: Маккели (Нидерландия).

«Монако» - «Атлетико»
18 сентябрь. Монако. «Луи II» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 2)
Йўқотишлар: Головин, Пеллегри, Рони Лопеш (барчаси – жароҳатда), Йоветич. Субашич (иккиси – сўроқ остида) – Ариас, Витоло (иккиси – жароҳатда), Калинич, Эрнандес (иккиси – сўроқ остида)
Ҳакам: Коллам (Шотландия).

ТАХМИНИЙ ТАРКИБЛАР:
Монако
: Бенальо, Сидибе, Глик, Жемерсон, Хенрикс, Беннассер, Аолу, Шадли, Тилемнс, Грандсер, Фалькао
Атлетико: Облак, Хуанфран, Хименес, Годин, Филипе Луис, Коке, Саул, Родри, Лемар, Гризманн, Коста


B гуруҳи – «Барселона»да жиддий рақиблар

Бу гуруҳга бемалол «Роналдо жамоалари» номини берса бўлади. Машҳур бразилиялик Роналдо ўз вақтида «ПСВ», «Интер» ва «Барселона» клублари шарафини ҳимоя қилган ва энди бу уч клуб гуруҳ босқичида ўзаро тўқнаш келади.

Гуруҳда «Барселона»нинг фаворит эканига ҳеч кимда эътироз йўқ, фарқи, олдинги мавсумлардан фарқли равишда, энди каталонияликлар ҳар ўйинга жиддий ёндашишлари талаб этилар балки. Чунки, кейинги босқичга чиқишни ўзига жуда муҳим вазифа ўлароқ қўйган камида икки жамоа бор гуруҳда.

«ПСВ»ни қавс ичига олиб турсак, биринчи турда Миландаги учрашув марказий ўйин бўлиши табиий. Гуруҳда «Барселона»га рақиб (ёки шерик) бўлиши мумкин бўлган асосий жамоалар илк турдаёқ ҳисоб-китобни бошлаб юборишади. Умуман, «Интер» ва «Тоттенҳэм» ўйинлари Европа футболига жуда ёрқин лаҳзаларни тақдим этганини ҳеч ким унутмаган бўлса керак. Майкон – Бэйл дуэлига айланиб кетган 2010 йилги ЕЧЛ ўйинлари, масалан. Айниқса, Миланда ўтган ўйин (4:3) узоқ вақт мухлисларнинг оғзидан тушмаганди.

2012/13 йилги мавсумда Европа Лигасидаги икки ўйин ҳам сценарий бўйича, ҳам охирида юзага келган интрига бўйича, аввалгисидан қолишмайди. Инглизлар дастлабки ўйинни ўз майдонларида 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунлашган, аммо жавоб ўйинида «Интер» худди шу ҳисобни қайд этиб, тўқнашувни қўшимча вақтларга олиб борганди. Қўшимча бўлимларда томонларнинг биттадан голи якунда сафардаги гол қоидаси бўйича «Тоттенҳэм»нинг устунлигини таъминлаганди.

Ёзда Врсалко, Бакойоко, Наингголан, Асамоа, Де Врей каби эътиборли трансферларни амалга оширган «Интер» янги мавсумда «Ювентус»га қаршилик қилиши мумкин бўлган асосий даъвогар сифатида тилга олинганди. Аммо ҳар доимгидек, миланликлар дастлабки турларни беқарор ўтказишди, Спаллетти шогирдлари «Парма», «Сассуоло» каби ўртамиёналарга ютқазиб қўйишди. «Тоттенҳэм»да ҳам ҳаммаси кўнгилдагидек эмас, 4 ғалабадан кейин қабул қилинган икки мағлубият Почеттинонинг ҳам кайфиятини тушириб юборган. Ҳар икки томондаги салбий кайфият ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир қилиши мумкин – натижаси бугун оқшом маълум бўлади.

Таркибдаги йўқотишлар борасида «Тоттенҳэм»нинг муаммоси жиддийроқ. Деле Аллининг йўқлиги жамоа ўйинига қай даражада таъсир қилишини «Ливерпуль»га қарши ўйинда ҳам кўрдик. Почеттино шунингдек, Алдервейрелд ва Трипьени Миланга олиб кетмади. «Бу ғирт техник қарор, бошқа гапим йўқ, техник сўзини маъносини луғатдан кўриб олаверинглар», деб изоҳлади Почеттино. Биз одатда энг тушунарсиз ҳолатларда ёки ҳақиқий сабаб айтилгиси келмаётган пайтларда бу сўз ишлатилишига ўрганиб қолганмиз.

Спалетти Врсалько ёрдамидан фойдалана олмайди, аммо Икардининг сафга қайтиши аниқ.

«Интер» - «Тоттенҳэм» 
18 сентябрь. Милан. «Жузеппе Меацца» стадиони. 21.55 (Матч Футбол 1)
Йўқотишлар: Врсалько (жароҳат), Д'Амброзио, Мартинес (иккиси – сўроқ остида) – Алли, Ллорис, Сиссоко (барчаси – жароҳатда)
Ҳакам: Тюрпен (Франция).

«Барселона» - «ПСВ»
18 сентябрь. Барселона. «Камп Ноу». 21.55 (Матч ТВ)
Йўқотишлар: Денис Суарес, Малком, Сампер (барчаси – сўроқ остида) – Риго, Ромеро, Томас (барчаси – жароҳатда)
Ҳакам: Сидиропулос (Греция).

ТАХМИНИЙ ТАРКИБЛАР:
Интер
: Ҳанданович, Д’Амброзио, Де Врей, Шкриньяр, Асамоа, Гальярдини, Висино, Наингголан, Перишич, Политано, Икарди
Тоттенҳэм: Ворм, Орье, Санчес, Вертонген, Роуз, Уинкс, Дайер, Дембеле, Эриксен, Моура, Кейн


C гуруҳи – «Ўлим гуруҳи»

«Интер» ёки «Монако»нинг ўз гуруҳларини қизитиб юборишларига умид қилишимиз оптимистик кайфиятдан келиб чиқаётган бўлса, аслини олганда ҳақиқий ўлим гуруҳи «С» гуруҳидир. Асосий мақсад сифатида ЕЧЛ ғолиблигини танлаб, бу йўлда миллиардлаб сарфлаган «ПСЖ», 1990-йилдан буён энг яхши стартини амалга ошириб, балки «Клопп ҳимояни тўғирлай олмайди» деган фараздан қутулаётган «Ливерпуль», ўтган мавсумда деярли чемпионлик графигида очко йиғиб, лекин чемпион бўла олмаган «Наполи»... Клопп, Анчелотти, Тухель – ҳаммаси бир гуруҳга сиққанини қаранг.

«Ливерпуль» ҳимояси ҳақида гап кетди, лекин назаримизда ҳақиқий синов бугун бўлиб ўтади. Бутун Англия қойил қолаётган Робертсон, Гомес ва Александр-Арнолднинг ҳақиқий савияси бугун, Мбаппе, Ди Мария, Кавани, Неймардан иборат ҳужум чизиғига қарши қандай ўйин кўрсатиши қизиқ бўлса керак.

Бу ўйинни шунингдек, «Дортмунд дербиси» деб ҳам аташ мумкин. Клопп Дортмундда ажойиб жамоа тузди, Тухель эса, ўша жамоани кейинроқ, инқироздан олиб чиқиб, яна юқори поғоналарга қайтара олди. Германияда ҳам, Европада ҳам бу икки мутахассис, уларнинг услуби жуда кўп солиштирилади, Дортмундда айнан қайси бири чиройлироқ футбол қургани ҳақида мунозаралар тинмайди. Бугун бу икки мураббий энди Европада, икки топ-клуб бошида қарама-қарши келади. Бу мураббийларнинг олдинги тўқнашувлари икки йил олдин бўлиб ўтган. Европа Лигасидаги «Ливерпуль» ва «Боруссия» ўртасидали драматик чорак финал ёдингизда бўлса керак.

«Агар ўйин душанба куни бўлганида, Фирминьо аниқ майдонга тушмасди», – деди Юрген Клопп. Демак «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда кўзидан жароҳатланган бразилиялик ҳужумчининг бугунги ўйинда майдонга тушиши ҳам сўроқ остида. Меҳмонлар таркибида эса, Буффон ва Вератти дисквалификация туфайли ўйнай олишмайди. Қизиғи, ҳар икки футболчи ўтган мавсум ЕЧЛда «Реал»га қарши ўйинларда қизил карточка олишган.

«Ливерпуль» - «ПСЖ»
18 сентябрь. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 1)
Йўқотишлар: Лаллана, Ловрен, Чемберлен (барчаси – жароҳатда), Ориги, Соланке, Фирмино (барчаси – сўроқ остида) – Буффон, Верратти (иккиси – дисквалификация қилинган), Дани Алвеш, Курзава (иккиси – жароҳатда)
Ҳакам: Жунайт Чақир (Туркия).

«Црвена Звезда» - «Наполи»
18 сентябрь. Белград. «Райко Митич» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 2)
Йўқотишлар: Павков (сўроқ остида) – Кирикеш, Мерет (иккиси – жароҳатда)
Ҳакам: Марчиняк (Польша).

ТАХМИНИЙ ТАРКИБЛАР:
Ливерпуль
: Алиссон, Александр-Арнольд, Ван Дейк, Гомес, Робертсон, Ҳендерсон, Кейта, Вейналдум, Салоҳ, Мане, Старриж
Тоттенҳэм: Ворм, Орье, Санчес, Вертонген, Роуз, Уинкс, Дайер, Дембеле, Эриксен, Моура, Кейн


D ГУРУҲИ

Бу гуруҳдаги ҳамма жамоа хурсанд бўлишса керак. Чунки ҳар бир жамоага кутилганидан осон рақиблар тўғри келди. Шу билан бирга бу гуруҳда кейинги босқич учун кураш жуда қизғин бўлишини ва ҳар бир ўйин ўзига хос тарзда жуда қизиқарли ўтишини таъминлаши ҳам мумкин.

Агар гранд жамоаларнинг ҳисоб-китобли, салобатли ўйинларидан зериксангиз, бу гуруҳдаги ҳар қандай ўйини танланг, зерикмаслик эҳтимоли юқори.

«Галатасарой» - «Локомотив»
18 сентябрь. Истанбул. «Турк Телеком» стадиони. 23.55 (Матч ТВ)
Йўқотишлар: Эмре Акбаба, Майкон (иккиси – сўроқ остида) – Смолов (дисквалификация), Коломейцев (жароҳат), Рибус (сўроқ остида)
Ҳакам: Рокки (Италия).

«Шальке» - «Порту»
18 сентябрь. Гельзенкирхен. «Фельтинс-Арена» стадиони. 23.55 (Матч Наш спорт)
Йўқотишлар: Стамбули (жароҳат), Маскарель, Скрибски (иккиси – сўроқ остида) – -
Ҳакам: Хиль Мансано (Испания).

Мавзуга оид