Ўзбекистон | 21:35 / 23.09.2018
14497
3 дақиқада ўқилади

Ҳафтанинг бир кунини "Спорт ва саломатлик куни" деб белгилаш таклиф этилди

Фото: minsport.uz

Ҳафтанинг бир кунини "Спорт ва саломатлик куни" деб белгилаш таклиф этилди, шу билан бирга, бундан кейин мунтазам равишда "15 дақиқа жисмоний тарбия учун" акциясини ўтказиш режалаштирилмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Эрталабки бадантарбия - нафақат жисмоний саломатлик гарови, балки инсоннинг руҳияти ва кайфиятини кўтарувчи, кунни янги куч-қувват ва иштиёқ билан бошлашга туртки берувчи муҳим восита. Бу, шубҳасиз, оиладаги хотиржамлик, ўқиш жараёнидаги янги ёндашув ва қизиқишлар, меҳнат жамоаларида эса фойдали иш коэффициентининг кескин ошишида ҳам ўз аксини топади, дейилади манбада.

23 сентябрь эрта тонгдан Тошкент шаҳридаги барча болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида атрофдаги ҳудудларда яшовчи аҳоли, айниқса, ёшлар иштирокида оммавий бадантарбия ва гимнастика машғулотлари ўтказилди.

Мазкур анъанани давом эттириб, аҳолини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида Тошкент шаҳрида оммавий бадантарбия машғулотлари, спартакиада ва марафонлар ҳамда беллашувлар ўтказиб борилади.

Спорт билан мунтазам шуғулланиш қатор касалликларнинг олдини олади, бу эса мамлакатдаги беморлар сонини камайтириб, узоқ умр кўрсаткичларини оширади.

Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда:

  • пойтахтдаги барча давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, меҳнат жамоаларида ҳафтанинг бир кунини "Спорт ва саломатлик куни" деб белгилаш таклифини илгари суради;
  • иш вақти узоқ давом этувчи ташкилотларда ходимларнинг жисмоний ва руҳий толиқишининг олдини олиш, уларнинг иш самарадорлигини оширишга қаратилган гимнастика машқларини бажариш тизимини жорий этиш, иш жараёнидан узилмаган ҳолда бир неча дақиқани барча биргаликда спортга бағишлаш;
  • "15 дақиқа жисмоний тарбия учун" акциясида фаол иштирок этишга чақиради.

"Унутманг! Жисмоний тарбия ва спорт саломатлигингизни яхшилаш йўлида хизмат қилади", дейилади хабарда.

Бундан аввал KUN.UZ'да Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг соғлиқни сақлаш тизимида кутилаётган ўзгаришларга доир интервьюси берилган бўлиб, унда соғлом турмуш тарзига катта эътибор қаратилиши, касалликларни даволаш эмас, уларнинг олдини олишга урғу берилиши таъкидланган эди.

Мавзуга оид