Жаҳон | 22:55 / 23.09.2018
7032
7 дақиқада ўқилади

Smart Waters: Марказий Осиёда сув, таълим ва ҳамкорлик

Бугунга келиб Марказий Осиё минтақасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни тўғри бошқаришга катта эътибор қаратилаётгани сир эмас. "Муаммони ҳал қилгандан кўра унинг олдини олган яхши" деганларидек, ҳозир бу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлашга алоҳида диққат қилинмоқда. Шу боис ушбу йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалар билан сизларни таништириб боришга қарор қилдик.

Марказий Осиёнинг беш мамлакати - Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон билан бир қаторда Афғонистонни ҳам ўз ичига қамраб олган Smart Waters умумий қиймати 10,5 миллион долларни ташкил қилувчи лойиҳадир. У USAID томонидан қўллаб-қувватланади, лойиҳага 2015 йилнинг октябрида старт берилган бўлиб, у 2020 йилнинг сентябрь ойи охирига қадар давом этади.

Сув, таълим ва ҳамкорлик - Smart Waters лойиҳаси моҳиятини тўлиқ ифодалайди. Smart Waters тўрт катта компонентдан иборат бўлиб, улар бир-бирини тўлдириб туради. Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ)нинг  Smart Waters лойиҳаси менежери Екатерина Стрикелева KUN.UZ'га лойиҳа компонентлари ҳақида сўзлаб берди.

Smart Waters лойиҳаси менежери Екатерина Стрикелева

Биринчи компонент - минтақавий компонент. Улар сув масалалари билан шуғулланувчи ва шунга боғлиқ йўналишлар (атроф-муҳит муҳофазаси, фавқулодда вазиятлар)да фаолият юритувчи ёш авлод мутахассисларининг салоҳиятини оширишни ўз ичига олади. Бу сув ресурсларини интеграцияли бошқаришга йўналтирилган тренинглар, техник тренинглар (суғориш технологиялари, сув ресурсларидан фойдаланишни мониторинг қилиш), Қозоғистон-Германия университетидаги магистрлик дастурининг қўллаб-қувватланиши орқали амалга оширилади. Ушбу таълим даргоҳида сув ресурсларини интеграцияли бошқариш бўйича махсус минтақавий магистрлик дастури мавжуд.

"Smart Waters" лойиҳаси тўрт йилдан бери ҳар йили ҳар бир мамлакатдан иккитадан вакилни ҳам молиявий, ҳам мавзуий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади. Бироқ Smart'нинг Қозоғистон-Германия университети ўқув дастурларидан ажралиб турувчи асосий жиҳати, биз давлат тузилмалари томонидан магистрлик дастурларини ўрганишга тавсия этилган иштирокчиларни олиб келамиз. Улар ўз ватанига қайтиб, тавсия этилган идораларида камида уч йил ишлаб беришлари керак бўлади. Дастур интеграцияли бошқарувга доир глобал қамров билан таъминлайди - фанлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, сувнинг бошқа секторлар билан боғлиқлиги сув ресурсларини бошқаришдаги жаҳон тенденцияларига янада кенгроқ қараш имконини беради. Мазкур магистрлик дастурини тугаллаган кишилар уйларига мутлақо янгича қарашлар билан қайтишади", - дейди мутахассис.

Smart Waters лойиҳаси менежери Екатерина Стрикелева

Сув ресурсларини бошқарувчи мутахассислар дунё бир жойда турмаслигини англаб, янги жаҳон тенденциялари билан танишишлари жуда муҳим. Ўтган йили бу таълим даргоҳини идоралардан тавсия этилган илк магистрантлар тамомлади. Дастур рус ва инглиз тилларида олиб борилади.

Иккинчи компонент - тармоқлараро ҳамкорлик. У янада кенг қамровлидир. Бизнинг вазифамиз барчани жипслаштиришдан иборат. Биз бирга ишловчи бир неча тармоқ бор. Бу энг аввало, ёш авлод тармоғи. Бу Қозоғистон-Германия университети битирувчилари, етакчилик дастури талабалари. Бу тармоқни ўзимиз шакллантирамиз ва қўллаб-қувватлаймиз. Ҳозир академик тармоқни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон  олийгоҳлари педагогларидир. Минтақада эскирган дастурлар, эскича усулда юритиладиган ишлар кўп, шу боис асосий вазифа - уларга янги билимлар бериш ва бунда ўзаро маълумот алмашинуви, замонавий техника ҳамда  технологияларни жалб қилишдан иборат. Сув масалалари билан шуғулланувчи мутахассислар тармоғи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Марказий Осиё мамлакатларининг турли даражадаги ташкилотлари мутахассислари мунтазам равишда учрашиб, ўзаро маълумот алмашишади. Бу норасмий тармоқ. Лойиҳа доирасида маҳаллий миқёсдаги тадбирларда ўнлаб йиллар кўришмаган кишилар учрашишади. Алоқаларнинг тикланиши Smart Waters лойиҳанинг бир қисмидир.

Учинчи компонент - миллий компонент. Бу сув секторидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, сув ресурсларини интеграцияли бошқариш тамойилларини тарғиб қилишни ўз ичига олади. Ҳар бир мамлакат ва биз билан ишловчи миллий ҳамкорлар айнан қаерда лойиҳа интервенцияси зарурлигини танлайди. Ҳар бир мамлакатда турлича. Масалан, Қирғизистон ва Тожикистонда биз сув билан боғлиқ қонунларни ишлаб чиқишда ёрдам берамиз. Ўзбекистонда асосий эътибор Тошкент давлат ирригация муҳандислари ва қишлоқ хўжалиги механизацияси институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган, яъни биз улар учун майдонлар тақдим этамиз, сувдан фойдаланишда интеграцияли бошқарув ва ҳавзавий режалаштириш бўйича курсларни ишлаб чиқишга кўмак берамиз. Асосий ёндашув сувдан фойдаланишнинг барча турларини биргаликда кўриб чиқишдадир. Ҳар бир мамлакатда асосий ҳамкорлар - Сув хўжалиги вазирликлари, Атроф-муҳит муҳофазаси агентликлари ва таълим муассасалари. Лойиҳа минтақавий бўлгани ҳамда кўп мамлакатларни ўз ичига олгани боис унда албатта Ташқи ишлар вазирлиги ҳам иштирок этади.

Бизда Минтақавий бошқарув қўмитаси мавжуд бўлиб, у йилда икки марта тўпланади ва лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилади. Қўмита миллий ҳамкорлардан иборат.

Тўртинчи компонент - кичик трансчегаравий дарёлардаги ишлар. Гап шундаки, йирик дарёлар (Амударё, Сирдарё, Вахш) бўйича доимий равишда  музокаралар олиб борилади, икки томонлама комиссиялар ва муҳокамалар йўлга қўйилади, яъни катта дарёлар доимий назорат остида. Кичик дарёларга эса у қадар катта эътибор қаратилмайди, бироқ у ерда яшовчи аҳоли ҳаёти ана шу дарёларга тўлиқ боғлиқ. Уларнинг бошқа сув манбаси йўқ. Бу ҳудудларда фақат қўшнилар билан келишибгина тинч яшаш ва ривожланиш мумкин.

Smart Waters лойиҳаси менежери Екатерина Стрикелева

Саккиз кичик дарё Smart Waters лойиҳасига жалб қилинган. Бизнинг мақсадимиз дарёларда Сувдан фойдаланишнинг ҳавзавий режасини жорий қилиш ва томонлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишдан иборатдир. Мақсад - томонларнинг муаммоларни маҳаллий босқичда биргаликда ҳал қилишни ўрганиш.

Мавзуга оид