Мутахассислар инновацион технологиялар асосида тайёрланмоқда
Президентимиз томонидан жорий йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилгани мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш йўлидаги аҳамиятли қадам бўлди. Зеро, глобал ривожланиш ўта жадал суръат касб этаётган бугунги кунда илм-фан ва иқтисодиётнинг интеграциялашувини таъминламай туриб, фан-техниканинг илғор ютуқларини ҳаётга тезкорлик билан татбиқ этмай туриб давр билан ҳамқадам ривожланишга эришиб бўлмайди. Жумладан, мутахассис кадрлар тайёрлаш борасида ҳам инновацион технологияларсиз замондан ортда қолиниши муқаррар.
Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тасарруфидаги ташкилотларда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш жараёнларида фан-техниканинг бу йўналишдаги энг сўнгги ютуқларини татбиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда вилоят кенгаши тасарруфидаги Наманган автомобиль мактаби, вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази, шаҳар ва туман кенгашлари қошида 11 та ўқув спорт-техника клуби ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, малакали ҳарбий мутахассислар тайёрлаш бўйича изчил фаолият кўрсатмоқда. Кенгашнинг юздан зиёд бошланғич ташкилоти ўз атрофига ўн етти ярим мингга яқин аъзони бирлаштирган.
Наманган автомобиль мактабида Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланган дастур асосида Қуролли Кучларимиз учун икки босқичда “ВС” тоифали ҳайдовчи, ошпаз, ҳайдовчи-заправкачи, чавандоз мутахассисликлари буйича чақирилувчилар тайёрланади.
Ҳайдовчиларнинг етук мутахассис бўлиб етишишлари учун мактабда кенг имкониятлар яратилган. Техник жиҳатдан йўлга чиқишга тахт қилиб қўйилган ўттиздан зиёд транспорт воситалари ўқувчиларнинг ҳайдовчилик маҳоратини оширишга хизмат қилмоқда.Ўқув-амалиёт хоналари, автотренажёр, автолаборатория уларнинг амалий ва назарий билимларини уйғун ҳолда ўзлаштириб боришида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги “Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 408-сонли қарори мазкур муассасада бу борада изчил олиб борилаётган ишларни янги босқичга кўтарди.
Ўтган давр мобайнида ташкилотнинг барча ўқув ва спорт муассасаларида моддий-техника ва ўқув методик базани модернизациялаштириш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Барча туманларда ташкилот тасарруфидаги биноларни таъмирлаш, янгиларини қуриш ва ўқув хоналарини замонавий ўқув-машғулот жиҳозлари, техник воситалар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Жумладан, тизимдаги автомобиль мактаби, вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази ва 11 та ўқув спорт техника клублари интерактив доска ҳамда 95 та маркерли ўқув доскаси,205 га яқин сўнгги русумдаги компьютер жамланмаси, 60 та видеопроектор, “Нексия” автомобилининг ҳаракатланадиган электрлаштирилган қирқимли макетлари, автотренажёр, светофор макетлари, автомобиллар эҳтиёт қисмларининг қирқимли деталлари, электрлаштирилган ўқув плакатлари, йўл белгилари жамланмаси ва бошқа инновацион ўқув қуроллари билан таъминланди. Ўқув хоналаридаги эски мебеллар ўқувчиларга мўлжалланган қулай, замонавий стол-стуллар, қаттиқ ва юмшоқ мебелларга алмаштирилди.Тизимда жами 157 та ўқув, имтиҳон ва техник хизмат кўрсатиш хоналари мавжуд бўлиб, шундан 111 тасига ўрнатилган аудио-видеокузатув мосламалари назарий машғулотлар ва имтиҳонлар шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Худди шундай замонавий бино-иншооти Норин тумани ўқув спорт-техника клубига ҳам қуриб берилди. Шунингдек, Учқўрғон туман ўқув спорт-техника клуби учун янги ўқув биноси қуриб берилгани соҳага қаратилаётган катта эътиборнинг алоҳида бир ифодасидир. Икки қаватли бинода юқорида айтиб ўтилган инновацион ўқув технологиялари билан жиҳозланган 8 ўқув хонаси, замонавий автотренажёр ва якуний имтиҳон олиш хоналари мавжуд. Ҳар бир ўқув хонасида 25 нафар ўқувчининг ҳайдовчилик касби бўйича билим олиши учун барча зарур шароитлар яратилган.
Жумладан, барча тизим ташкилотларида синфхоналари компьютер, видеоплейер, телевизор, “SmartboardM-600” русумли интерактив анимацион доска каби замонавий ахборот коммуникация воситалари билан таъминланган.
Мавжуд синф хоналарнинг “Нексия” автомобилининг электрлаштирилган қирқимли макети, енгил ва юк автомобилларининг ишчи механизмлари, светофор ҳамда шаҳар макетлари, автомобиль қисмлари кўргазмаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги белгилари сингари ўқув-амалий кўргазмали қуроллар билан жиҳозлангани ўқувчиларнинг назарий билимини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бир ўқувчи ҳайдовчилик маҳорати бўйича олган сабоғини автотренажёр машғулотларида мустаҳкамлайди.
2018 йилда вилоят кенгаши тасарруфидаги ташкилотларнинг автомобиль саройини янги транспорт воситалари билан тўлдириш борасида 17 та енгил автомобиль сотиб олиш бўйича тузилган шартнома асосида 10 та “Матиз”, 7 та “Нексия-3” автомобиллари сотиб олиниб, улардан ўқув машғулотлари жараёнида фойдаланилмокда.
Аҳмаджон АЛАХОДЖАЕВ.
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси
Мавзуга оид
12:19 / 07.10.2024
Наманганда ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб пул талаб қилган шахс ушланди
18:33 / 02.10.2024
Наманганда қадимий ерости йўлаклари, иситиш тизими ва сопол қувурлар топилди
21:19 / 05.09.2024
Учта вилоят чегарасига ўзгартириш киритилмоқда
19:01 / 03.09.2024