Ўзбекистон | 20:34 / 24.09.2018
22323
2 дақиқада ўқилади

Очиқ денгизда 49 кун: Индонезиялик йигитнинг бошидан кечирганлари

Фото: Facebook /Crispin Ali Basah

Индонезиялик 19 яшар ўсмир йигит 49 кун очиқ денгизда қолиб кетди. Бунга сабаб унинг балиқ тутишга мўлжалланган кулбали қайиғини шамол қирғоқдан анча олисга олиб кетгани бўлди.

Алди Новел Адиланг 16 ёшидан бери балиқчилик қилади. У балиқ тутиб сотишда оиласига ёрдам беради. Унинг қиладиган иши балиқларни чалғитиш учун олов ёқилган лампани тутиб туриш бўлган. Шунда балиқлар кулбали қайиқдаги тўрга тушаверган. Бу анъанавий усул Индонезияда балиқ тутишда анча оммалашган.

Сузувчи кулба қирғоқдан 125 км узоқликда жойлашган. Йигитчага ҳафтада бир марта сув, озиқ-овқат олиб келиб туришган ва янги тутилган балиқларни олиб кетишган. Одатда бундай кулбалар оддий арқон билан мустаҳкамланган. 

Жорий йилнинг июль ойи ўрталарида кучли шамол қайиқни бола билан қўшиб жуда узоққа олиб кетади. Адилангда еб-ичиш учун озиқ-овқат захираси кам қолган эди. У бирор бир кема уни кўриб қолиши ва қутқаришларидан умидини узмади. 

Йигитча балиқ тутди, кулба бунёд бўлган ёғочлардан олов ёқиб, балиқларни пиширди. Денгиз сувини тузи камроқ бўлиши учун кийимлари орқали сиздириб ичди.

Шундай қилиб орадан хавфли саргузаштнинг 49 куни ўтди. Бу орада унинг ёнидан 10 та кема сузиб ўтди, аммо ҳеч ким унга эътибор қаратмади. Охир-оқибат Панама байроғи остида сузиб юрган кема уни ўз бортига чиқарди.

Кема капитани Гуамнинг қирғоқ қўриқлов хизмати билан боғланди ва бўлган воқеани сўзлаб берди. Охири шундай қарорга келинди: кема Япония томон йўналишини ўзгартиргач, йигитнинг ватанидаги консулликдан вакил келиб, уни олиб кетадиган бўлди. Алди уйига 8 сентябрда қайтди. Айни дамда у ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Мавзуга оид