Спорт | 19:00 / 25.09.2018
20968
12 дақиқада ўқилади

«Ливерпуль» «Челси»га қарши. Ҳафта ўртасидаги ўйинлар анонси

Бу ҳафта еврокубокларда танаффус бўлгани боис, лигалар ҳосил бўлган ушбу очиқ кунлардан фойдаланиб қолишмоқда. Натижада, биз ҳам зерикмаймиз, оғир иш кунларидан сўнг Европа футболидан баҳра олиш имкониятига эгамиз. Кучли бешликдаги тўрт лигада навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтса, Англияда Лига кубоги қизғин паллага қадам қўймоқда.

ИНТЕР – ФИОРЕНТИНА (25 сентябрь, 23:55)

Мавсум бошида «Ювентус»га чинакамига қаршилик қила оладиган асосий даъвогар сифатида тилга олинган, лекин илк 4 турда 4 очко жамғариб, навбатдаги мавсум ҳам беқарорликда ўтиши ҳақида тахминларни пайдо қилган «Интер» сўнгги ҳафтани жуда ажойиб ўтказди. Тўғри, жамоа кўрсатган ўйинни мукаммал деб бўлмайди, лекин тўрт кун ичида икки марта сўнгги дақиқаларда ғалаба голини уриш анойи иш эмас, тўғрими? Айниқса, бу ғалабалардан бири жуда омадсиз бошланган ўйинда «Тоттенҳэм» устидан қозонилган бўлса? Натижада, «Интер» Чемпионлар Лигасидаги мураккаб гуруҳда жуда яхши позицияга чиқиб олди. Ўз уйида ҳатто «Наполи»ни йирик ҳисобда енга олган «Сампдория»ни ютиб келиш эса, кейинги бонус бўлди. «Интер»нинг кайфияти жанговор ҳолатда.

Аммо бугунги рақиб ҳам кучли. «Фиорентина» мавсумни жуда кучли бошлади. «Фиалка» 5 ўйинда 3 ғалабага эришиб, турнир жадвалида учинчи ўринга чиқиб олди. Жамоа фақат Неаполда «Наполи» билан тенг ўйинда мағлубиятга учраган холос. Флоренцияликлар «Интер» майдонида ҳам ҳайиқмай тўп суришлари эътиборга молик – бу ерда ўтган сўнгги 4 ўйиннинг иккитасида меҳмонларнинг қўли баланд келган.

Шу бир ҳафтада икки марта оғир ўйинда майдонга тушган «Интер» учун яна бир ўйин балки оғирлик қилиши мумкин. Бу томондан ҳам «Фиорентина»да очко олиш имконияти катта. Бу ўйинни ўтказиб юбормаслик керак.  

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – ДЕРБИ (25 сентябрь, 23:55)

Бугун Англияда Лига кубоги ўйинлари бошланади. Премьер Лиганинг барча клублари, жумладан, топ-клублар ҳам курашни бошлайди. Ўйинлар ичидан айнан «МЮ»нинг қўйи лига вакили билан учрашувини алоҳида ажратиш шарт эмасдир балким. Аммо бу ўйинда ҳам эътиборга арзийдиган бир қатор жиҳатлар бор.

Биринчидан, «МЮ»нинг «Олд Траффорд»даги навбатдаги муваффақиятсизлиги ва қайта аланга олган Погба – Моуриньо муносабатлари. Франциялик ярим ҳимоячи «Вулверҳэмптон»га (1:1) қарши ўйин ҳақида тўхталар экан, «МЮ» каби жамоа бундай жамоалар билан фақат ҳужумкор ўйнаши кераклигини айтиб, яна Жозе Моуриньо тарафга тош ташлади. Баъзи интернет нашрлари эса, аслида, Погбанинг бу гапларига Жозенинг ўйиндан кейинги танбеҳлари сабаб бўлганини ёзишмоқда. Эмишки, меҳмонлар киритилган голга сабаб бўлган хатони амалга оширган Погба мураббийдан яхшигина гап эшитган. Бу ўйин мана шу муносабат, умуман сўнгги ўйиндаги омадсизликка ўзига хос реакция бўлиши мумкин. «Дерби» каби жамоаларга қарши энди «МЮ» ўта ҳужумкорлик ўйин қиладими ёки Погба айтган гаплари учун яна захирага ўтирадими? Ёки умуман турнир нуқтаи назаридан Моуриньо бир қанча етакчиларга, жумладан Погбага ҳам дам бериши мумкин.

Иккинчидан, биз Фрэнк Лемпардни мураббий сифатида илк бор катта футболда кўришимиз мумкин. Бўлиб ҳам, илк имтиҳон Жозе Моуриньо томонидан қабул қилинишида ҳам рамзий маъно бордек. Чунки Лемпард айнан Моуриньо қўл остида футболчи сифатида янги босқичга чиққан ва Европанинг энг яхши ярим ҳимоячиларидан бирига айланганди. Энди у мураббий сифатида «Олд Траффорд»да собиқ устозига қарши «Дерби Каунти»ни олиб тушади.

Жамоалар Кубок ўйинларида тез-тўқнаш келиб туришади. Айниқса, шу йилнинг бошида Англия кубоги доирасида бўлиб ўтган ўйинни эслаш мумкин. «Олд Траффорд»да меҳмонлар 85 дақиқа туриб бера олишган, кейин эса, «МЮ» 2 гол уриб, кейинги босқичга чиққанди. Луи Ван Гаал пайтида, «Дерби» майдонида бўлиб ўтган ўйинда «МЮ» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.

ЛЕГАНЕС – БАРСЕЛОНА (26 сентябрь, 23:00)

«Барселона» ўтган турда Каталония дербисида қимматли очколарни йўқотди ва энди жамоани «Реал» билан фақат тўплар нисбатидаги фарқ ажратиб турибди холос. «Атлетик» ва «Тоттенҳэм»га қарши қийинроқ ўйинлар олдидан тин олиш ва камроқ куч билан уч очко олиш режаси Валвердеда бўлгандир, аммо энди, «Жирона» билан ўйиндаги йўқотишдан сўнг, бундай қарор ҳам таваккалчиликдек кўринади. Зеро ўша ўйинда майдон марказида ҳали бирор марта асосийда ўйнамаган Артур ва Видалнинг туширилиши жамоа ўйинига салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳимояда Пикега шерик бўлган Лангле ўйин натижасига таъсир қиладиган хатони амалга оширди.

Хуллас, «Леганес» шу пайтгача атиги бир очко эгаси бўлиб, турнир жадвалининг энг сўнгги поғонасида турган бўлса-да, ўйинга жиддий ёндашиш керак. Жамоа ўз майдонида фақат «Вильярреал»га ютқазди. «Сосьедад»га қарши ўйинда эса, 0:2 ҳисобидан вазиятни 2:2 га ўзгартира олганди. Яъни, ҳар қандай паллада хотиржамликка йўл қўйиш керак эмас.

Ўзаро ўйинларда барча 4 учрашувда каталонияликларнинг қўли баланд келган. Лекин қизиғи, «Камп Ноу»да ўтган ўйинларда меҳмонлар етарлича қаршилик кўрсатиб, сўнгги дақиқаларгача ўйиндаги интригани ушлай олишган бўлса, Леганесда «Барселона» йирик ҳисобларда ғалабаларга эришган.

Дарвоқе, бу ўйинда балки «Барселона»нинг янги харидларидан яна бири Малкомни кўришимиз мумкин. Бразилиялик футболчи шу ойнинг бошида, машғулотлар пайтида жароҳат олганди. Клубга алоқадор манбалар футболчининг тўлиқ тикланганини ёзишмоқда ва у бугун «Барселона»нинг захира ўриндиғида пайдо бўлиб қолиши мумкин.

ЛИВЕРПУЛЬ – ЧЕЛСИ (26 сентябрь, 23:45)

Шанба куни Лондонда бу жамоалар ўртасида Премьер Лига ўйини бўлиб ўтади. Мавсумни кутилганидан ҳам кўра яхшироқ бошлаган ва ҳозирда АПЛда етакчилик қилаётган икки жамоа жуда аҳамиятли ўйинда тўқнаш келади. Ундан олдин эса, Англия Лига кубогида ўзига хос репетицияни кузатишимиз мумкин. Фарқи, қуръа бу ўйин учун майдон сифатида «Энфилд»ни танлаган.

Балки фарқ фақат шунда эмас. Лига кубогига нуфуз нуқтаи назаридан бироз пастроқ қаралади ва жамоалар асосий «қуроллари»ни ўша шанба кунги ўйинга асраб қўйишса ҳам ажаб эмас. Аммо бошқа тарафдан, Юрген Клопп шогирдларини ҳар бир мусобақага жиддий тайёрлашини ҳам тахмин қилса бўлади. Чунки жамоа, хусусан мана шу таркиб анчадан буён бирор соврин ютгани йўқ, демак АПЛда ҳали ҳаммаси жуда узоқлигини эътиборга олсак, «Ливерпуль» бу ўйинга ҳам бор имкониятни ишга солиши турган гап. Бунинг устига, етти ўйиндан бери давом этаётган ғалабали серияга путур етказиш ҳам жамоани издан чиқариш эҳтимоли бор.

Клопп бошчилигида «Ливерпуль» икки йил олдин ушбу турнирнинг ярим финалигача борган, яъни ғолиб чиқиш учун курашган бўлса, ўтган йили илк босқичдаёқ «Лестер»га мағлуб бўлинганди. «Челси» эса, аксинча, ўтган мавсумда Англия Лига кубоги ярим финалигача бориб, «Арсенал»га имкониятни бой берганди. 

Сўнгги 21 ўйинда – 7 ғалаба, 7 дуранг, 7 мағлубият. Мана шу статистика ҳам томонларнинг бир-бирларига муносиб рақиб эканликларини исботлайди. Аммо яна бир қизиқ факт шундаки, «Ливерпуль» «Челси» устидан сўнгги ғалабаларини сафарда қўлга киритган. «Энфилд»да ўтган охирги 4 ўйин бир хил – 1:1 ҳисобида якунига етган. «Қизиллар» «Челси» устидан «Энфилд»даги энг сўнгги ғалабаларини 2012 йилда қўлга киритган экан. Бу ҳам қизиқ.

СЕВИЛЬЯ – РЕАЛ (26 сентябрдан 27 сентябрга ўтар кечаси, 01:00)

Испания топ-клублари – «Реал» ва «Барселона» учун энг ноқулай стадион Севильядаги «Рамон Санчес Песхуан» стадиони бўлса керак. Бошқа томондан «Севилья»нинг борига шукр, дейишади улар, чунки, масалан, бу ўйинда «Барселона» ўзининг ашаддий рақибини эҳтимолий очко йўқотишини томоша қилиб хурсанд бўлади. Келаси сафар аксинча, «Реал» умид қилади андалуслардан.

Бу шунчаки гап эмас, қаранг, Севильяда ўтган сўнгги 3 Ла Лига баҳсининг барчасида майдон эгаларининг қўли баланд келган. Фақат орада бир марта кубок баҳсида 3:3 ҳисоби қайд этилган. Ўшанда ҳам «Реал» сўнгги 10 дақиқада 1:3 ҳисобини 3:3 ҳисобига айлантириб, ўйинни қутқариб қолганди. Каталонияликларнинг бу стадиондаги кўрсаткичлари бирмунча яхшироқ бўлса-да, ҳар сафар ғалаба қозониш осон эмаслигини улар ҳам тан олишса керак. Хуллас, бу ўйинда ҳам нимадир бўлади, ишонаверинг.

«Севилья» 5 ўйиндан 7 очко тўплаб, ҳозирча кучли олтиликка яқин жойлашиб олган. Аммо сўнгги ўйинларда жамоа қутурди. Аввалига Европа Лигасида «Стандарт» устидан 5:1 ҳисобида, кейин эса, «Леванте» майдонида 6:2 ҳисобидаги ғалабалар. Икки ўйинда 11 гол урилди – «Реал»га қарши ўйин олдидан ажойиб кайфият. Айниқса, Сарабия -  Бен Йеддер жуфтлигидан кўп нарса кутиш мумкин. Бен Йеддер шу икки ўйинда 5 гол урган бўлса, Сарабия 4 марта жамоадошларига голли пас амалга ошириб берди.

«Реал»да эса аксинча, сўнгги икки турда бироз пасайиш кузатилмоқда. Аввалига «Атлетик» майдонида 1:1 ҳисобидаги дурангга рози бўлиб қайтган бўлишса, куни кеча, «Эспаньол» дарвозасига бир гол билан кифояланишди холос. Кейинги турда «Реал» «Бернабеу»да «Атлетико»ни қабул қилади. Жуда тиғиз тақвим ва қийин рақибларга тушиб қолган «Реал» жуда камтарона спорт формасини намойиш этмоқда.

Таркибларга келсак, «Реал» сафида Дани Карвахал жамоадошларига ёрдам бера олмайди, у ўтган турни ҳам жароҳат туфайли ўтказиб юборганди. Мезбонларда эса, асосий футболчилардан Эскудеро ва Меркадо жароҳатланган. Қизиғи, икковининг ҳам қўли синган.

БОШҚА ЎЙИНЛАР:

25 сентябрь. «БАВАРИЯ» – «Аусбург» (23:30), «Оксфорд Юнайтед» – «МАНЧЕСТЕР СИТИ» (23:45)

26 сентябрь. «БОРУССИЯ» – «Нюрнберг» (23:30), «АРСЕНАЛ» – «Брентфорд» (23:45), «ТОТТЕНҲЭМ» – «Уотфорд» (23:55), «ПСЖ» – «Реймс» (23:55), «ЮВЕНТУС» – «Болонья» (23:55), «НАПОЛИ» – «Парма» (23:55).

Мавзуга оид