Ўзбекистон | 17:58 / 26.09.2018
60459
2 дақиқада ўқилади

Қибрайнинг собиқ ҳокими раҳбарлик лавозимига қайтарилди

25 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Паркент туманига ҳам янги ҳоким тайинланди. «Kun.uz» манбаси хабарига кўра, Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов Ниғмат Исроилович Муҳамедовни Паркент туманининг янги раҳбари сифатида таништирган.

Ниғмат Муҳамедов Бекобод тумани ҳокимлигига ўтказилган Неъмат Абдуллаев ўрнида иш бошлайди.

Қибрай туманига 2009 йилдан буён ҳокимлик қилиб келган Ниғмат Муҳамедов шу йилнинг июль ойи охирида Шавкат Мирзиёев танқидига учраб, ишдан олинганди. 27 июль куни Президент раислигида жиноятчиликнинг олдини олиш, давлат идоралари ва жамиятнинг бу борадаги масъулиятини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Қибрай тумани ҳокимига қўшиб, унинг ўринбосарлари, туман прокурори, туман ИИБ раҳбари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси ва «Маҳалла» жамғармаси туман бўлими раҳбарини лавозимдан озод этишга кўрсатма берилганди.

Июль ойи охирида Қибрай туманига Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани собиқ ҳокими, 2017 йилнинг августидан Олмалиқ шаҳрига ҳокимлик қилиб келган Мирагзам Мирқосимов янги раҳбар этиб тайинланди.

Бундан аввалроқ, Отабек Убайдуллаевич Исроилов Бекобод тумани ҳокими лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди. Охирги хабарларга кўра, у пахта ҳосилини қўшиб ёзгани учун ишдан олинган.

Мавзуга оид