Жамият | 21:41 / 02.10.2018
57354
6 дақиқада ўқилади

Мавзуга қайтиб. Зоминдаги мактаб ҳақида ёлғонга чиқарилган ҳақиқатлар

Жорий йилнинг февраль ойида «Kun.uz» таҳририятига Жиззах вилояти, Зомин туманида жойлашган 40-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиларининг ота-оналаридан шикоят келиб тушганди. Мурожаатга видеотасвирлар ҳам илова қилинганди. Видеотасвирларда мактаб ўқувчилари ўта аянчли аҳволда таълим олиб келаётгани акс этганди.

Мурожаатни ўрганиш асносида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев билан суҳбат уюштириб, мулоқот давомида мазкур муаммо ҳам ўртага ташланганди. Вилоят ҳокими вазият назоратга олиниб, амалий чора кўрилишига ваъда берганди.

Шундан сўнг, мактабга вилоятдан мутасаддилар келишган. Муаммолар ечими учун амалий чоралар кўриш бўйича навбатдаги ваъдалар берилган.

«Kun.uz» мазкур мактабнинг кейинги тақдирига қизиқиб, орадан деярли 7 ой ўтгач, мурожаатчилар билан боғланди. Маълум бўлишича, берилган ваъдалар йиғилиш баённомасида қолиб кетган. Мутасаддилар шу бўйи гумдон бўлишган.

Таҳририятга келган видеодаги тасвирлар эскириб кетгани, бугунги кунда мактаб таъмирлангани ҳақида айтилиб, мурожаатчилар ёлғончига чиқарилди.

Ижодий гуруҳ вазиятга ойдинлик киритиш учун Зомин туманига йўл олди.

Youtube'да кўриш

Facebook'да кўриш

Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ғайрат Қодиров мактаб ҳақида тақдим этган маълумотларга эътибор қаратамиз. 

«Жиззах вилояти, Зомин туманидаги 40-сонли умумий ўрта таълим мактаби 2008 йилда умумтаълим дастури асосида реконструкция йўли билан 210 ўқувчи ўринли бино қурилиб, фойдаланишга топширилган. Мактабда 12х24 ўлчамдаги спорт зал биноси мавжуд. Ҳозирги кунда мактабнинг асосий биносида 508 нафар ўқувчи таҳсил олади. Мактабда 22 синф комплекти мавжуд. Мактабдан 1,5 км узоқлик масофада 170 ўринли, 1982 йилда қурилган эски бино (собиқ боғча биноси) жойлашган бўлиб, 3та синф хонаси бошланғич синфларда таълим олувчи 68 нафар ўқувчи учун таъмирлаб берилган. Қолган қисми фойдаланилмай бўш тургани сабабли ёпиб қўйилган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, ўқувчиларнинг ўсишига қараб кейинги йилларда мактабга қўшимча бино қуриш режалаштирилган».

Мактабнинг бугунги манзараси билан танишиб чиқамиз. Бу 40-мактабнинг бошланғич синф ўқувчилари таълим оладиган филиали. 

Мактабнинг спорт майдончаси ҳам ўта ачинарли аҳволда.

Мактаб атрофи сим тўрлар билан ўралган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, бу жойда яна бир бино бўлган ва ҳозирга келиб қаёққадир ғойиб бўлган.

Бу эса асосий бино.

Мактаб атрофидаги темир панжаралар талон-тарож қилинган. Унинг ўрнида эса ўрта асрлардагидек ҳандақ қазиб қўйилган. Наҳотки бу ерда мактаб ўқувчилари хавфсиз бўлса? 

Бу спорт залининг ташқи кўриниши.

Мактаб ичини кўздан кечирар эканмиз, синфхоналарнинг аҳволига ачинамиз. 508 нафар ўқувчи 9та хонада смена жадвали асосида таълим олмоқда. Аслида эса бу бино 210 ўқувчига мўлжалланган. Мактабнинг кутубхонаси доим ёпиқ. 

Мактаб директори Бахром Намозовдан мазкур ҳолатларга изоҳ сўрадик. У мактаб ўтган йили Халқ таълими вазирлиги томонидан ажратилган маблағлар ҳисобига таъмирланганини таъкидлаб ўтди.

«Мактабимиз ўтган йили таъмирланган. Сув муаммо, шу туфайли санитар ҳолатини яхши тутиб бўлмаяпти. Ҳожатхонани ҳам шу туфайли яхши ҳолатда сақлаб бўлмайди. Ҳар куни 500 ўқувчи кириб чиқади.

Мактабимизда 45 ўқитувчи ишлайди, барчаси олий маълумотли. Ўқувчиларимиз олимпиадаларда қатнашиб келмоқда», дейди мактаб директори.

Мактабда муаммолар етарлича ва албатта бунга ечим керак. Биз Жиззах вилояти Халқ таълими бошқармаси қурилиш бўлими бошлиғи Аҳмад Жайноқовга мавжуд муаммолар юзасидан микрофон тутдик. У мактаб филиалидаги ҳолатга изоҳ берди.

«Имкон қадар ҳомийларга таъмирлатганмиз. Бу филиалда 2 йилдан буён 3 синф ўқувчилари ўқиб келмоқда. Асосий бинога қўшимча бино қуриб бериш режалаштирилган.

Эътиборсизлик туфайли мактабдаги вазият антисанитар ҳолатга келиб қолган. Тузатамиз», дейди у.

Таҳририятга мактабда айни кунларда маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик иллати урчигани ҳақида ҳам маълумотлар келиб тушган. Шунингдек, мактабда ишга келмай маош оладиган «ўлик жонлар» ҳам борлиги айтилган. Бу маълумотларни аниқлаштиришни Халқ таълими вазирлигига қолдирамиз. 

Эътиборни тортган яна бир жиҳат шуки, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтида мактабларни қуриш ва таъмирлаш мониторинги бўйича эълон қилинган маълумотларига кўра, Зомин тумани 40-мактабнинг жорий йилги рейтинги 100 баллик тизимда 91 балл билан қайд этилган. Мисол учун, 40-мактабнинг қозонхонаси ҳолати 3 баллик тизимда 3 балл билан баҳоланган, синфхоналарнинг жиҳозланганлик даражаси эса 10 баллик тизимда 10 балл олган. Ҳожатхона ҳам энг юқори балл, яъни 5 балл билан баҳоланмоқда. 

Бу рақамлар билан кимни алдашмоқда? Қачонгача алдашмоқчи? Энди ҳам алдашда давом этишмоқчими?

Зоминда аҳвол шундай. Биз Нобель мукофотини бу каби таълим даргоҳлари билан ололмаслигимиз айни ҳақиқат. Хулоса эса сиздан.

Хуршид Далиев, Азиз Қаршиев, Шуҳрат Рашидов

Мавзуга оид