Жамият | 19:11 / 02.10.2018
43043
3 дақиқада ўқилади

«Шайтанат»нинг тўлиқ тўплами нашрдан чиқди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриётида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг 5та китобдан иборат «Шайтанат» китоби тўлиқ нашрдан чиқди.

Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» олами ҳақида ҳикоя қилувчи асари кўп йиллардан буён ўқувчилар эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.

Бу галги тугал ва мукаммал нашрда беш қисмли китобнинг ҳар бир қисми алоҳида ном остида тақдим этилган, асарнинг ўзи эса яхлит, мазмунан ва мантиқан якун топган кўринишда, барча тузатишлар ва ўзгартиришлар киритилган ҳолда чоп этилди.

Долғали замон, адолатсиз жамият, оғир ижтимоий муҳит туфайли бошига ҳаётнинг турли синовлари, аянчли кўргуликлари тинимсиз ёғилса-да, инсоний фазилатларидан батамом мосуво бўлмаган, қалбида ор-номусни сақлаб қолгани билан китобхонларнинг севимли қаҳрамонига айланиб улгурган Асадбекнинг ҳаётида содир бўладиган воқеа ва ҳодисалар мана шу беш қисмлик тўпламда ўз ниҳоясига етади.

Қаҳрамонларнинг шахсияти ва уларнинг турмуш тарзи, характер хусусияти, ижтимоий турмуш тарзи билан боғлиқ кескин ва шу билан бир қаторда китобхонлар учун қизиқарли бўлган воқеликлар ривожи ўткир сюжетли «Шайтанат» асарининг асосини ташкил этади.

«Шайтанат» тўпламининг биринчи қисми «Қасос», иккинчи қисми «Нон берган жон олмайди», учинчи қисми «Семирган чумоли», тўртинчи қисми «Оққуш қўшиғи», бешинчи қисми «Азозил дўкони» деб номланди. Қисмларнинг ҳар бири алоҳида номлангани ва ҳар бир қисм алоҳида китоб сифатида нашр этилгани ҳам китобхонлар учун айни муддаодир.

Ушбу тўпламдан ўрин олган китоблар бежирим муқовалар ва ички иллюстрациялар билан зийнатлангани, совғабоплиги билан ҳам аввалги нашрлардан ажралиб туради.

Ушбу нашр барча китобхонлар, хусусан теран мазмунли детектив ишқибозлари учун муносиб туҳфа бўлиши кутилмоқда.

Мавзуга оид