Ўзбекистон | 19:45 / 05.10.2018
34603
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи санаси маълум қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан жорий йил 8-9 октябрь кунлари расмий ташриф билан Францияда бўлади. 

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ташриф давомида давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар, Франция парламенти раҳбарияти, етакчи компаниялари ва молия институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Олий даражадаги Ўзбекистон –  Франция музокаралари кун тартибидан сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва молиявий соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, турли тармоқларда инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш, шунингдек, маданий-гуманитар алмашувларни фаоллаштириш масалалари ўрин олган.

Учрашув ва музокаралар якунида 10дан ортиқ ҳукуматлараро ва идоралараро, жумладан, иқтисодиёт ва молия, транспорт, туризм, экология, маданият ва санъат соҳаларида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, ташқи сиёсат маҳкамалари  ўртасидаги ҳамкорлик дастури ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, давлат раҳбари БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти Бош директори Одри Азуле билан учрашади. Унда Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги шерикликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилади ҳамда 2018-2021 йилларга мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилинади.

Мавзуга оид