Спорт | 13:50 / 07.10.2018
36158
2 дақиқада ўқилади

Нурмагомедовнинг отаси: Макгрегор 3 ой давомида ўғлимни масхаралаб келган

Россиялик UFC жангчиси Хабиб Нурмагомедовнинг отаси ва мураббийи Абдулманап Нурмагомедов ирландиялик жангчи Конор Макгрегор 3 ой давомида ўғлини масхара қилиб келгани ҳақида гапирди. Унинг айтишича, Макгрегор Хабиб Нурмагомедовнинг гонорар пули миқдорига аниқлик киритилмаганини айтиб, Нурмагомедовнинг жиғига тегиб келган.

Кейинроқ Хабиб мазкур жанг учун 2 миллион доллар миқдорида гонорар олиши белгиланганди. Конорга эса 3 миллион доллар ваъда қилинди.

«Улар 3 ой давомида жаҳлимизни чиқаришди. Гонорар ҳақида ҳеч нарса маълум эмасди. Икки кун овқат емаганман, ҳолдан тойганман», деган у.

7 октябрь куни тонгда ўтказилган UFC 229 турнирининг асосий жангида Хабиб Нурмагомедов Конор Макгрегорни 4-раундда бўғиш усули билан таслим этди. Жанг якунида доғистонлик октагондан сакраб чиқди ва ирландиялик рақибининг мураббийи Диллон Дэннисга ташланди. Худди шу вақтда унинг жамоаси аъзолари октагон ичига кириб Макгрегорнинг ўзига ҳужум қилишди. Жанжал полициячилар аралашуви билан тўхтатилди.

Ҳозирда Невада штати спорт комиссияси ушбу ҳолат бўйича текширув олиб бормоқда.

Охирги хабарларга кўра, қоидаларни бузгани учун Хабиб Нурмагомедов дисквалификация қилиниши ва чемпионликдан маҳрум қилиниши мумкин. Шунингдек, унга жанг учун тўланиши керак бўлган гонорар текширув якунлангунича музлатиб қўйилган.

Мавзуга оид