Спорт | 20:18 / 07.10.2018
12817
2 дақиқада ўқилади

Параосиё ўйинлари: Ўзбекистонлик спортчиларда 2 олтин ва 2 кумуш медаль

Индонезиянинг Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари мусобақаларига расман старт берилди, дея хабар беради Kun.uz'га Паралимпия қўмитаси матбуот хизмати. 

Биринчи кунги баҳсларда ўзбекистонлик спортчиларнинг тўрт нафари совриндорлар қаторидан ўрин олди. Медалларнинг барчаси сузиш баҳсларида қўлга киритилди. 

Фото: Миллий паралимпия ассоциацияси

Эркаклар ўртасида S13 йўналишида 400 метрга эркин сузиш бўйича иштирок этган Дмитрий Хорлин барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медаль соҳибига айланди. Ундан кейин маррага етиб келган Ислам Асланов кумуш медалга эга чиқди. 

Худди шу йўналишнинг аёллар ўртасидаги беллашувларида ҳам олтин ва кумуш медаллар ҳамюртларимизга насиб қилди. Шоҳсанам Тошпўлатова маррага биринчи бўлиб етиб борди ва шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин эгаллади. Ундан кейинги натижани қайд этган Фотима Омилова эса кумуш медалга сазовор бўлди.

Мусобақанинг биринчи кунидан сўнг 2 та олтин, 2 та кумуш медаль қўлга киритган Ўзбекистон делегацияси Хитой ва Япониядан сўнг умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни эгаллаб турибди.

Мавзуга оид