Ўзбекистон | 17:28 / 08.10.2018
5764
2 дақиқада ўқилади

Экология: "Яшил" технологиялар 5-10 йилдан кейин нимага олиб келади?

Экологик муаммоларни фақат давлат ёки "яшил" технологиялар ҳал қила олмайди, бу сайёрада яшовчи ҳар бир инсонга боғлиқ. KUN.UZ мухбири Марказий Осиё минтақавий экологик маркази ижрочи директори, профессор Искандар Абдуллаев билан шу мавзуда суҳбатлашди. 

Искандар Абдуллаев

"Экологик муаммоларни фақат давлат ҳал қила олишига ишонмайман. Давлат - қоидаларни белгиловчи ўйинчи, қолган ўйинчилар эса - биз, фуқаролар. Аксарият ҳолатларда экологик муаммолар ҳақида гапирамизу, лекин уни бартараф этиш учун ҳеч нарса қилмаймиз. Кўчада машина ювамиз, атмосферани ифлослантирамиз. Албатта, бугун ишбилармонлар экологияга сармоя киритишидан манфаатдормиз, бироқ бошқа томондан улар бунга пул тиккани билан экология дарҳол яхшиланиб қолаётгани йўқ. Жамоатчиликнинг ўзи бундай яшашда давом этишни истамаслиги, сув ҳавзалари, атмосферани ифлослантирмаслиги, болалар касал бўлишига йўл қўймаслиги керак", - дейди Искандар Абдуллаев. 

Унинг сўзларига кўра, жамият ўз вазифасини бажармас экан, 5-10 йилдан кейин экологик муаммолар ҳал бўлиб қолмайди. Шунчаки вазият яхшиланади, технология такомиллашади, камроқ чиқинди ташланади. 

"Арктика ва Антарктидада жуда кўплаб музликлар эримоқда. Бу эса атомосферага СО2 чиқишини кўп бараварга оширади. 6 йил давомида ҳароратнинг 1,5-2 даражага исишига йўл қўйилмаслиги керак, бироқ агар вазият шундай жадаллик билан давом этаверса, уч йилдан кейиноқ бу чегарани хатлаб ўтамиз. Дунёда шундай ҳодисалар бўладики, уларни инсон ва жамиятнинг ўзи тўхтатиши керак. Бизнес ҳам жамиятнинг бир бўлаги. Шундай экан, фақат технологиялар ёки фақат давлатнинг ўзи экологиядаги муаммоларни бартараф эта олмайди, одамлар ҳам табиат неъматларидан оқилона фойдаланишлари керак", - дея хулоса қилади олим. 

 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид