Light | 00:08 / 09.10.2018
152607
8 дақиқада ўқилади

Инсульт - энг кўп тарқалган ўлим сабаблари орасида учинчи ўринда турувчи касаллик

KUN.UZ соғлом ҳаёт лойиҳаси орқали бугунги кунда кўп учраётган касалликлар тўғрисида маълумот беришда давом этади. Бугунги мавзумиз энг кўп тарқалган ўлим сабаблари орасида учинчи ўринда турувчи мия қон айланишининг ўткир бузилиши- инсульт ҳақида. Хўш, инсульт қандай касаллик? Унинг келиб чиқиш сабаблари, аломатлари, ташхис ва даволаш усуллари қандай? Бу саволларга тажрибали шифокор тиббиёт фанлари доктори, профессор, невролог Бахтиёр Ғафуров билан биргаликда жавоб излаймиз.

Видео: Facebook

Видео: TasIX

Видео: YouTube

Инсульт — мия қон айланишининг ўткир бузилиши бўлиб, бу касаллик ўчоқли ёки умумий неврологик белгиларнинг пайдо бўлиши билан тавсифланади. Касаллик ўлим кўрсаткичи бўйича юрак-қон томир ва онкологик касалликлардан сўнг учинчи ўринни эгаллайди.

Келиб чиқиш сабаблари

Инсультга эмболия ёки тромбоз сабаб бўлиши мумкин. Мия артерияси ёрилиши гипертония, туғма қон томирлари нуқсонлари, аневризмалар, жиддий жароҳатлар оқибатида пайдо бўлиши мумкин.  

Инсультнинг белгилари:

  • Тўсатдан заифлик, уйқусизлик, юз мушакларининг фалажлари (одатда тананинг бир томонида);
  • Нутқни йўқотиш;
  • Бир ёки ҳар иккала кўзнинг кўра олиш қобилияти бузилиши;
  • Бош айланиши ва ўткир бош оғриғи;
  • Мувозанат йўқолиши ва юришнинг кескин бузилиши.

Инсультни ташхислаш

Инсульт энг муҳим диагностик тадқиқотлар, хусусан компьютер томография (КТ) ва магнит-резонанс томография (МРТ) асосида ташхисланади. Кўп ҳолларда, компьютер томография ёрдамида инсульт ва бошқа турдаги «янги» мия қон қуйилишларини фарқлаш мумкин.

МРТ ёрдамида ишемия майдонларни аниқлаш, шунингдек, ишемик мия зарари тарқалишини баҳолаш мумкин. МРТ геморрагик инсультни ишемик инсультдан фарқлаш, шунингдек, таъсир майдони ва унинг катталиги аниқ ўрнини аниқлаш имконини беради. Бундан ташқари, МРТ ёрдамида ўхшаш аломатлар бўлган бошқа касалликларни истисно қилиш мумкин.

Ишемик инсультда ҳам бир қатор, жумладан бўйин ва мия томирларининг ультратовуш текшируви (УТТ), эхокардиография, мия ангиографияси каби қўшимча тадқиқотлар ўтказилади.

Статистик маълумотларга қараганда, ишемик инсульт геморрагик инсультга қараганда 8-9 марта  кўп учрайди. Яъни ишемик инсульт инсультнинг асосий тури,- дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор, невролог Бахтиёр Ғафуров.

Ишемик инсультнинг асосий сабаби мия томирларининг атеросклерозидир. Хасталик кекса ёшлилар, кўпинча юрак касалликлари ва қон ивиши ортган кишиларда учрайди. Инсульт баъзида уйқу вақтида юзага келади. Бемор уйғонгач, ҳолсизлик, қўл-оёқда қувватсизланиш, бош айланишини сезади. Бунда эс-ҳуши жойида, тери одатдаги рангда бўлади. Неврологик белгилар шикастланган томир жойлашувига қараб, бир неча дақиқа ёки соат ичида ўсиб боради. Умумий ёки ички уйқу артерияси тиқилиб қолганда, тромбоз бўлган тарафда кўриш бузилади, тескари тарафда қўл ва оёқлар ҳаракати бузилади.

Ишемик инсультда ўлим кўрсаткичи мияга қон қуйилишига нисбатан кам бўлишига қарамай, касаллик кўпинча оғир кечади. Ўчоқли белгилар маромига тушгач, тикланиш даврига ўтади ва бу ойлаб, йиллаб давом этади.

Ўткир ишемик инсульт беморнинг ёшига, патологик ўчоқнинг кўламига такрорий инсультнинг қўшилиши ва кардиал асоратлар билан кечади.

Беморлар инсультга бир неча кун қолганда бош оғриғи, ҳолсизлик, бош айланиши, кўз олди қоронғилашиш, қўл-оёқда увишиш ҳолатларини ҳис этади. Белгилар кучайиб боради ва бир кунда қўл-оёқларнинг тортишиши пайдо бўлади. Бемор ҳушини йўқотмайди, бошида туманни ҳис этади. Баъзида хасталикнинг кечиши бехосдан юз беради.

Ўрта оғирликдаги ишемик инсультда мия шиши, ҳуш йўқотиш белгиларисиз кечадиган ўчоқли белгилар кузатилади. Оғир инсультда эса, эс-ҳуш йўқотилиши, мия шиши, трофик ўзгаришлар, қўпол ўчоқ нуқсонлар билан бирга, кечувчи умумий мия белгилари билан фарқланади.
Мияга қон қуйилишининг асосий сабаби хафақон (қон босими) касаллигидир. Қуйилган қон мия тўқимасини парчалайди, мия пардаларини таъсирлантиради, бу мия ва ўчоқли белгиларни юзага келишига сабаб бўлади. Миядаги патологик ўчоқ пайдо бўлиши мия ички босимини ошиши, эс-ҳушнинг йўқолиши ва ҳаётий муҳим функциялар – нафас олиш, қон томир тизими, терморегуляциянинг бузилишига сабаб бўлади. Бемор кучли бош оғриғини сезади, ҳушидан кетиб йиқилади, коллапсга тушади. Бунда пульс зўриқиши шовқинли нафас, қорачиқларнинг ёруғликка реакциясининг йўқолиши, қайт қилиш кузатилади. Юз тўқ қизил рангли, беморнинг бош ва кўзи фалаж бўлган соҳадан қарама-қарши томонга қараган, фалаж томонда бурун лаб– бурмаси силлиқлашган, оғиз бурчаги тушган, ёноғи тусланган, оёғи ташқи тарафга бурилган бўлади.

10-14 кундан сўнг тикланиш даври бошланади. Дастлаб оёқ, сўнг қўл ҳаракатлари тикланади, сезувчанлик, нутқ, кўриш, эшитиш, психик фаолият яхшиланади.


Геморрагик инсульт – мия тўқимасига тўр ости бўшлиққа ёки мия қоринчаларига қон қуйилиши билан характерланувчи миядаги қон айланишининг ўткир бузилиши.  

Инсультни даволаш усуллари

Инсультни умумтерапевтик даволаш юрак-қон томир тизимини нормаллаштириш, нафас олиш функциясини тиклаш, мия шишини камайтириш, шунингдек, қайталанишини олдини олиш ва асоратларини даволашга қаратилган. Инсультни даволаш тезда бошланиши керак. Биринчи босқичда ҳали инсульт характери аниқланмаган пайтда бемор ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган даво муолажалари ўтказилади. Бемор чалқанча, боши сал кўтарилган ҳолатда ётқизилади. Агония ҳолатида кўчириш мумкин бўлмаган беморлардан бошқа ҳамма инсульт бўлган беморлар махсуслаштирилган неврологик бўлимга ётқизилиши керак. Беморни кўчириш вақтида эҳтиёт бўлиш, силкитмаслик лозим. Агар юрак фаолияти бузилиши ўпка шиши билан бирга учраса, спирт буғи қўшилган кислород билан нафас олдирилади. Бемор боши баланд қилиб ётқизилади. Нафас олиши меъёрлашиши учун электр сўрғич билан оғиз бўшлиғи, бурун ва халқум шиллиқлардан тозаланади. Тил орқага кетишини олдини олиш ва нафас олишни енгиллаштириш учун оғизга ҳаво найчасини қўйиш мумкин.

Инсульт билан касалланган беморлар дарҳол ётқизилиб, боши баланд кўтарилади ва музли халта, оёқларига иссиқ грелка қўйилади.

Инсультнинг оқибатлари

Инсульт узоқ муддатли комага, фалажликка, ақл ва хотирани йўқотишга олиб келиши мумкин. Оғир инсульт беморнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин.

Инсультнинг олдини олиш

Инсультнинг олдини олиш қон босимини мунтазам равишда ўлчаш орқали амалга оширилади. Гипертония билан оғриган кишилар айниқса эҳтиёткор бўлишлари ва шифокор буюрган дори-дармонларни қабул қилиш, мунтазам жисмоний машқлар бажариш ва овқатланишга чекловлар киритиш каби тавсияларга амал қилишлари керак. Чекишни ҳамда алкоголли ичимликлар ичишни тўхтатиш ва қонда қанд даражасини назорат қилиш касаллик ривожланиши эҳтимолини камайтиради.

Асосийси, қон босимингизни доимий назорат қилсангиз, турли зарарли одатларни ташласангиз, инсульт сизни безовта қилмайди.  

Мавзуга оид