Жамият | 23:15 / 11.10.2018
3505
3 дақиқада ўқилади

Германиялик эксперт ўзбекистонлик журналистларга семинар-тренинг ўтиб берди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Конрад Аденаур жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида жорий йилнинг 8-11 октябрь кунлари миллий журналистиканинг истиқболига бағишланган семинар-тренинг ўтказилди. “Миллий журналистикани ривожлантириш истиқболлари: назария ва амалиёт” мавзусидаги семинар-тренингга етакчи немис экспертларидан бири, Германия телекомпаниялар Федерал ассоциацияси Президенти Рене Фалькнер бошчилик қилди.

Фото: Ёшлар иттифоқи

Cеминарда пойтахт ва ҳудудларда фаолият юритувчи 20 нафар мухбир янги технологик ишланмаларни қўллаш, информацион дастурларни, хусусан,  “Менинг юртим” телеканали орқали эфирга узатилаётган “Марказий студия” ва “Ҳудуд” ахборот дастурларини креатив медиа-маҳсулотлар билан тўлдиришнинг энг илғор тажрибаларини ўрганишди. Шу билан бирга ахборот узатишнинг ностандарт усуллари ва кўпроқ томошабинни жалб қилиш имкониятлари билан ҳам танишишди.

Фото: Ёшлар иттифоқи
Фото: Ёшлар иттифоқи

Семинарда, асосан, ёшлар ҳаётини ёш журналистлар нигоҳида таҳлил қилиш ва кенг ёритиш, уларни ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиш ва унга ечим излаш, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини мувофиқлаштириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этувчи ваколатли идоралар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ташкил этишда тележурналистиканинг  ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Семинар-тренинглар ёш журналистларда катта таассурот қолдирди ва улар ўзлари учун керакли маълумотларга эга бўлишди.

Фото: Ёшлар иттифоқи
Фото: Ёшлар иттифоқи

Маълумот учун: Рене Фалькнер 1974 йил 21 апрелда Германиянинг Лейпциг шаҳрида туғилган. У Лейпциг университетини “Иқтисодиёт ва ишлаб чиқаришни ташкил қилиш” мутахассислиги  бўйича тамомлаган бўлиб, инглиз, испан ва француз тилларида бемалол сўзлаша олади. Рене  “Sachsen TV” телерадиокомпаниясида директор лавозимида ишлаган. 2000 йилдан бугунги кунгача эса «Sachsen Fernsehen» телекомпаниясида иш бошқарувчи(интернет, реклама, ОАВ, телевидение, медиа-маҳсулотлар бўйича масъул) вазифасида фаолият юритиб келмоқда. Бундан ташқари Рене 2016 йилдан буён Германия телекомпаниялар Федерал ассоциацияси Президенти.

Мавзуга оид