Менингит юқумли касалликми ва нега у айнан болаларда учрайди?
KUN.UZ “Соғлом ҳаёт” лойиҳаси орқали бугунги кунда одамлар орасида энг кўп учраётган касалликлар тўғрисида маълумот беришда давом этади. Кунлар совий бошлагани сари юқумли касалликлар авж олади. Ана шундай дардлардан бири - менингит. Хўш, менингит қандай касаллик? Келиб чиқиш сабаблари, юқиш йўллари ва даволаниш усуллари нималардан иборат? Ушбу касалликка чалинмаслик учун қандай жиҳатларга эътибор бериш керак? Профессор, невролог Бахтиёр Ғафуров билан мазкур мавзуда суҳбатлашдик.
Менингит қандай касаллик?
Менингит – мия пардаларининг ўткир яллиғланиши билан кечадиган юқумли касаллик. Менингитнинг оғир турлари болалик даврида кўп кузатилади. Катта ёшдагиларда менингит кам учрайди ва бироз енгил кечади. Касаллик мавсумийлиги ва эпидемияларнинг йиллик даврийлиги қайд этилган. Менингит учун энг характерли бўлган давр ноябрдан апрелгача ҳисобланади, бу ҳаво ҳароратининг ўзгаришлари, овқат рационидаги чеклашлар ва витамин етишмаслиги, совуқ ҳаво туфайли кишиларнинг кам шамоллатиладиган хоналарда йиғилиши туфайли юз беради. Организмнинг хусусиятлари ва ижтимоий сабабларга кўра, хавф гуруҳига 5 ёшгача бўлган болалар ва 25-30 ёш оралиғидаги эркаклар киради.
Видео: TasIX
Видео: YouTube
Касалликнинг келиб чиқиш сабаблари
Инфекцион этиологияли касаллик сифатида бошланадиган бирламчи менингит патоген микроорганизмлар туфайли келиб чиқади. Менингит ривожланишига туртки бўладиган вируслар ва бактериялар турли йўллар билан юқади, улардан энг кенг тарқалгани:
- Ҳаво-томчи: патоген йўталиш пайтида ва акса урганда шиллиқ ва сўлак орқали ҳавога тарқатиш;
- Маиший алоқалар: бемор ёки касаллик ташувчиси билан тўғридан тўғри алоқа қилиш, битта маиший воситалардан фойдаланиш (идишлар, сочиқ, тиш чўткаси);
- Гигиена қоидаларига амал қилинмаганда орал-фекал йўл орқали: озиқ-овқатни ювилмаган қўллари билан қабул қилиш, ишлов берилмаган, ювилмаган сабзавот, мева, кўкатлар ва ҳоказо озиқ-овқатларни истеъмол қилиш;
- Гематоген: менингит қўзғатувчиларини (одатда бактериал, лекин вирусли, протозоал ва бошқа шакллари ҳам учрайди) қон орқали юқиши, бемор организмидаги инфекциянинг мавжуд ўчоқлардан қон орқали мия қобиғига тарқалиши;
- Бачадон ичида ривожланиш вақтида йўлдош орқали, шунингдек, туғуруқ йўлларидан ўтишда ёки инфекциянинг ҳомилага амниотик суюқлик орқали юқиши;
- Оғзаки: Менингит қўзғатувчилари билан ифлосланган сувни ютиш (сув омборларида, дезинфекция қилинмайдиган жамоат бассейнларида тасодифан ютиш, ифлосланган сув ичиш) ва ҳоказо.
Менингит қандай белгиларга эга?
Тўсатдан боланинг тана ҳарорати 40°С гача ошади, кучли бош оғриғи пайдо бўлади, кетма-кет қайт қилади, боши орқага қайрилиб ётиб қолади. Бироз вақт ўтмай бола ҳушини йўқотиб комага тушиши ёки тутқаноқ хуружлари кузатилиши мумкин. Менингитнинг баъзи турларида танага тошмалар тошиб кетади. Касалликнинг ҳатто эрта босқичларида, айниқса, менингит яшин тезлигида ривожланишида онг чалкашиши, ҳаддан ташқари ҳолсизлик ёки қўзғалиш, галлютсинатор ҳодисалар намоён бўлиши ҳам мумкин.
Менингит касаллиги кузатилса нима қилиш керак?
Зудлик билан “Тез ёрдам” чақирилади ва бола шифохонага олиб борилади. Беморни уйда қолдириш мутлақо мумкин эмас. Бемор ётган уй дезинфекция қилиниши ва оила аъзолари врач текширувидан ўтиб назоратга олиниши лозим.
Даволаш усуллари
Менингит ташхиси билан даволаш юқумли касалликлар шифохонасида олиб борилади. Агар бемор ўз вақтида шифохонага олиб борилса, у 10 кун ичида тузалиб кетади. Бемор комага тушган ҳолатларда даволаш муддати чўзилиб кетиши ва асоратлар қолиши мумкин. Шу ерда битта муаммони айтиб ўтиш керак. Баъзи ота-оналар боладан орқа мияни функция қилиб мия суюқлигини текширишга тўсқинлик қилишади. Ушбу муҳим текширувга тўсқинлик қилиш асло мумкин эмас. Бу текширувни боланинг ота-онаси рухсатисиз тиббий кўрсатмаларга биноан врач бемалол ўтказиши лозим. Чунки мия суюқлигини олиб текшириб туриш, миянинг ички босими ошиб кетишининг олдини олади ва бемор комага тушмайди. Ҳатто комада ётган бемор ҳушига келади, мия ортиқча йирингли суюқликдан озод бўлади ва унинг ўрнига тоза мия суюқлиги ишлаб чиқарилади.
Даволаш учун оптимал шароит — касалхонанинг инфекцион бўлимида алоҳида палата ва кеча-ю кундуз мутахассис назорати, сенсибилизацияни камайтириш учун шарт-шароитлар яратиш: чироқларни ўчириш, баланд товушларни бартараф қилиш, беморни тинчлантириш. Касалликнинг кечиши ва гумон қилинаётган ёки мавжуд асоратларнинг олдини олиш учун даволаш ўз ичига қўшимча патологияларни тузатиш усулларини олиши ҳам мумкин (нафас олиш, буйрак усти ва юрак-қон томир етишмовчилигини тузатиш).
Касаллик асоратлари
Аксарият ҳолларда ҳеч қандай асорат қолмайди. Бироқ даволаш кеч бошланган ҳолатлар ёки менингитнинг оғир турларида турли асоратлар қолиши мумкин. Бундай болаларда сурункали бош оғриқлар, ўта инжиқлик ва жиззакилик, мия ички босимининг сурункали тарзда ошиб бориши, хотира бузилишлари, паришонхотирлик каби асоратлар вужудга келиш ҳавфи бор. Жуда кам ҳолатларда эшитиш пасайиши, тутқаноқ хуружлари ва ақлий ривожланишдан орқада қолиш ривожланади. Бундай болалар невропатолог назоратида даволаниб юришлари лозим.