Жаҳон | 20:59 / 20.10.2018
38644
5 дақиқада ўқилади

Жамол Қошиқчининг журналистик фаолияти, Саудия Арабистони раҳбарияти билан зиддиятга бориши тарихи

20 октябрда Саудия Арабистони Истанбулдаги консуллигида журналист Жамол Қошиқчининг ўлганини тан олди. Саудия Арабистони бош прокурорининг таъкидлашича, журналистнинг ўлимига консулликда юз берган можаро олиб келган. Журналист 60 ёшини қаршилашига саноқли кунлар қолганда ўлдирилган. Қуйида у ҳақида биографик маълумотлар келтирилган.

Фото: EPA/ALI HAIDER

Келиб чиқиши, маълумоти 

Жамол Қошиқчи 1958 йил 13 октябрда Мадинада турк илдизларига эга нуфузли оилада туғилган. Унинг амакиси Саудия Арабистонининг биринчи қироли Абдулазиз Ол-Сауднинг шахсий шифокори бўлган. Қошиқчи олий маълумотни АҚШда олган, у 1982 йилда Индиана штати университетини “бизнес-маъмурлик” ихтисослиги бўйича якунлаган.

Карьераси 

Қошиқчи Саудия Арабистонига қайтгач, 1985 йилда инглиз тилида чоп этилувчи Saudi Gazette нашри мухбири сифатида журналистик фаолиятини бошлаган. 1987-1990 йиллар давомида турли нашрларда, жумладан Asharq Al-Awsat нашрида ишлаган, 1990-1991 йилларда эса Al Madinah газетаси бош муҳаррири вазифасини бажарувчи сифатида фаолиятини давом эттирган.

Қошиқчи 1991-1999 йиллар давомида Al Hayat араб нашрининг хорижий мухбири сифатида Афғонистон, Судан, Жазоир ва Қувайтдаги воқеаларни ёритган. ОАВ маълумотларига кўра, у шу давр давомида Саудия Арабистони разведкаси билан ҳамкорлик қилган. Журналист 2001 йилда АҚШда содир этилган терактларгача “Ал-Қоида” етакчиси Усома бин Лодиндан бир неча марта интервью олган. Қошиқчи 2011 йилдаги интервьюларидан бирида бин Лодин билан дўст бўлгани ва бир вақтлар унинг қарашларини қўллаб-қувватлаганини тан олган.

Қошиқчи 1999-2003 йилларда Arab News нашри бош муҳаррири ўринбосари лавозимини эгаллаган, 2003 йилда Al-Watan нашрига раҳбарлик қилган. У 2 йилдан кейин ҳеч қандай тушунтиришларсиз бўшатиб юборилган. Шундан кейин 2002-2005 йилларда Саудия Арабистонининг Британиядаги элчиси, 2007 йилда эса АҚШдаги элчиси бўлган шаҳзода Турки ал-Файсалнинг медиамаслаҳатчиси сифатида фаолият юритган.

Қошиқчи 2007 йилда яна Al-Watan’га бош муҳаррир этиб тайинланган, бироқ 2010 йилда салафийлик бўйича билдирган танқидий фикрлари учун бўшатиб юборилган. 

Қошиқчи 2017 йилдан АҚШда яшаб, Washington Post нашри учун мақолалар ёзган. Шунингдек, у блогер ҳамда телекўрсатувлар ва ток-шоуларда иштирок этувчи мутахассис сифатида танилган.

Саудия Арабистони ҳукумати билан муносабатлари

Фото: AP Photo/Emrah Gurel

Қошиқчи узоқ йиллар давомида Саудия Арабистони қироллик оиласига яқин бўлган, бироқ 2015 йилда ҳокимият тепасига қирол Салмон келиб, унинг ўғли шаҳзода Муҳаммаднинг таъсири кучайгандан кейин, журналистнинг ҳукумат билан муносабатлари ёмонлаша бошлаган. Тахминлардан бирига кўра, бунга Қошиқчининг 2016 йил ноябрда Яқин Шарқ сиёсати бўйича Вашингтон институти томонидан ташкил этилган форумдаги чиқиши сабаб бўлган. Ўшанда журналист АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампни Яқин Шарқ масалаларида Исроил позициясини қўллаб-қувватлаши учун танқид қилган. Бу эса Трамп қиёфасида Эронга қарши курашда иттифоқдошга эга бўлишни истаган Саудия Арабистони ҳукуматига ёқмаган. Бошқа бир тахминга кўра, Қошиқчи қиролликдаги энг нуфузли кишилардан бири – Муҳаммад бин Наиф Ол-Саудга яқинлиги сабабли хушланмай қўйилган. 2017 йилда бин Наиф валиаҳд шаҳзода ва ички ишлар вазири лавозимидан четлатилган. Қошиқчини Саудия Арабистони томонидан молиялаштирилувчи барча ОАВда чоп этиш тақиқланган. Шундан кейин Қошиқчи мамлакатни тарк этиб, Саудия Арабистонининг амалдаги ҳукуматига қарши танқидларини янада авж олдирган.

Журналист Washington Post’даги мақолаларида шаҳзода Муҳаммаднинг давлат бошқарувини “қўрқув, қўрқитиш, ҳибсга олишлар ва шармандалик” даври сифатида таърифлаган. 2017 йил ноябрда Саудия Арабистонида 11 шаҳзода ва 40 га яқин амалдор ҳибсга олингандан кейин журналист шаҳзода Муҳаммад “ўзи истаганича судлов ўтказишини” айтган. Қошиқчи 2018 йил сентябрдаги мақоласида қиролликни Яманга 3 йиллик уруш давомида етказилган вайронгарчиликлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга чақирган. Ваҳоланки, журналист 2015 йилда Саудия Арабистонининг Ямандаги тартибсизликларни тўхтата олиши мумкинлигини билдириб, қиролликнинг ҳарбий операцияни бошлаш қарорини қўллаб-қувватлаган.

Бошқа масалалар бўйича позицияси

Қошиқчи НАТОнинг Югославиядаги ихтилофларга аралашувини, Ливия етакчиси Муаммар Каззофийнинг ағдарилишини, Сурия мухолифатининг президент Башар Асадга қарши намойишларини ва турк қўшинларининг Сурия ҳудудига киришини қўллаб-қувватлаган.

Журналист 2017 йил июнида Саудия Арабистонини Қатар билан дипломатик алоқаларни узиш, сентябрида эса “Мусулмон биродарлар” ҳаракатининг террорчилик ташкилотлари қаторига киритиш қарорлари учун танқид қилган. 

Мавзуга оид