Спорт | 16:50 / 21.10.2018
11771
2 дақиқада ўқилади

Емельяненко Россия MMA Уюшмаси президентлигидан кетди

Фото: Валерий Шарифулин / ТАСС

Аралаш йўналиш (MMA) бўйича россиялик жангчи Федор Емельяненко Россия MMA Уюшмаси президентлигидан истеъфога чиқиб, ташкилот кузатув кенгаши раиси лавозимини эгаллади. Бу ҳақда ТАСС уюшма матбуот хизматига асосан хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, кеча, 20 октябрь куни ташкилотнинг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтган ва унда бунга қадар вице-президент лавозимида ишлаб келган Радмир Габдуллин ташкилот раҳбарлигига сайланган. Тез орада Федор Емельяненко бошқарадиган кузатув кенгаши таркиби шакллантирилиши айтилмоқда.

Емельяненко Россия MMA Уюшмасининг биринчи президенти ҳисобланади. У ташкилот тузилганидан буён – 2012 йилдан бери ушбу лавозимда ишлаб келаётган эди.

42 ёшли амалдор, шунингдек, спортдаги фаолиятини ҳам давом эттирмоқда. У 44 та жанг ўтказиб, улардан 38 тасида ғалаба қозонган (29 таси муддатидан олдин), 5 марта мағлуб бўлган. Яна бир жанг натижаси эса бекор қилинган. У Pride ташкилоти томонидан ўтказилган турнирларда 2003 йилдан 2007 йилгача узлуксиз чемпион бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Емельяненко ўтган якшанбада америкалик Чейл Соннен билан жанг ўтказиб, рақибини биринчи раунддаёқ полга қулатган эди. Ушбу ғалабаси билан у Bellator Гран-Приси финалига йўл олган. Ҳал қилувчи баҳсда россиялик жангчи 2019 йилнинг 27 январь куни бошқа бир америкалик спортчи Райан Бейдер билан тўқнаш келади.

Мавзуга оид