Жамият | 11:20 / 23.10.2018
25850
5 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон тумани мактабгача таълим тизимидаги «ўйинлар». Аслида нима бўлган?

«Kun.uz» таҳририятига Самарқанд вилояти, Каттақўрғон тумани мактабгача таълим тизимидаги муаммолар, камчиликлар ва содир бўлаётган ноқонуний ҳолатлар ҳақида мурожаат келиб тушди.

Ушбу мурожаатни ўрганиш давомида туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов мурожаатда келтирилган ҳолатлар тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиши ва хулоса қилинишини билдирганди.

Маълум бўлишича, шундан кейин туман мактабгача таълим бўлими ва муассасалари фаолияти Самарқанд вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бўйича ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат бўлими томонидан ўрганиб чиқилган. Хулосалар мурожаатчи ва тегишли ташкилотлар мутасаддиларига тақдим этилган. Бизга тақдим этилган хулоса ва маълумотларни Самарқанд вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бўйича ички аудит, молиявий ва хуқуқий назорат бўлими масъул ходими ҳам тасдиқлади.

Маълумотда келтирилишича, тумандаги 18-сонли мактабгача таълим муассасаси мудираси Ҳ.Отамуродова бепул тарқатилиши лозим бўлган президент Шавкат Мирзиёевнинг портретининг иккитасини туман мактабгача таълим бўлими мутасаддиларига 20 минг сўм бериб олган. «Илк қадам» ўқув дастури учун 28 минг сўм берган. Ушбу ҳолатни 18-сонли МТМ тарбиячилари М.Бердиева, Л.Бахтиёрова ва Г.Муртозаева ҳам тасдиқлаган.

7-сонли мактабгача таълим муассасасида 2018 йил июнь ойида ходимларга берилиши керак бўлган нақд пул шаклидаги 3 миллион 285 минг 680 сўм иш хақи ходимларга тарқатилмасдан икки нафар ишчи томонидан имзолар қўйилиб, тарбияланувчиларнинг бадал пулларига тўланган.

23-сонли мактабгача таълим муассасасининг ходимларига тарқатилиши керак бўлган 2018 йил февраль ойидаги нақд пул шаклидаги 3 миллион 600 минг сўм мукофот пули тарқатилгани расмийлаштирилган бўлса-да, хақиқатда эса ходимлар мукофот пулларини олмаганликларини маълум қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан муассаса мудираси билан суҳбатлашилганда, у 2018 йил февраль ойида хақиқатдан ҳам ходимларга мукофот пуллари тарқатилмагани, ушбу мукофот пуллари маблағини туман мактабгача таълим бўлими мудири Ф.Ҳамдамовага берганини ёзма равишда маълум қилган.

55-сонли мактабгача таълим муассасасида 2 нафар ишламаган ходимга қўшиб ёзиш эвазига ва 18 миллион 235 минг 263 сўм ишга келмаган ходимларга тўлангани расмийлаштирилган. Шунингдек, 4 миллион 424 минг 207 сўм иш ҳақи олиши керак бўлган ишчи-ходимларга берилмаган.

26-сонли муассасада ҳам 14 миллион 174 минг 021 сўм ишламаган ходимларга ортиқча иш ҳақлари тўланган. 3 миллион 598 минг 929 сўм ишчи-ходимларга берилиши керак бўлган нақд пул маблағлари тарқатилгани расмийлаштирилган бўлса-да, хақиқатда эса ўша нақд пуллар ходимларга берилмаган. Бундан ташқари, 19-сонли муассасада 2 миллион 339 минг 504 сўм ишламаган ходимга ортиқча иш ҳақлари тўланган.

Самарқанд вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бўйича ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат бўлими маълумотида келтирилишича, 46-сонли мактабгача таълим муассасанинг шахсий ҳисоб варағидан «Маржона Дил Гулижон» МЧЖга 2017 йил 25 декабрдаги шартномага асосан 2017 йил 28 декабрда мебель жиҳозлари учун 11 миллион 628 минг пул маблағи тўлаб берилган. Ушбу мебель жиҳозларини 46-сонли мактабгача таълим муассасасида  мавжуд эмас.

Ушбу мебель жиҳозлари 46-сонли мактабгача таълим муассасасига келтирилмаган бўлса-да, марказлашган ҳисобхона томонидан муассасага 2017 йил декабрь ойида кирим қилингани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан муассаса мудираси Ш.Санақулова ҳақиқатан ҳам мебель жиҳозлари келтирилмаганини тасдиқлаган.

Ўрганишлар давомида аризада келтирилган мудира ва ходимларни лавозимга тайинлашдаги бир нечта қонун бузилишлари ҳам ўз тасдиғини топган. Тумани мактабгача таълим бўлимининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича мутахассиснинг иш фаолиятини ўрганилганда ҳам бу борада қатор камчиликлар аниқланган.

 Шунингдек, тумандаги мактабгача таълим муассасаларидаги озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, тарқатиш борасида ҳам камомадларга йўл қўйилган.

Ўрганиш натижасида туман мактабгача таълим бўлими ва мактабгача таълим муассасаларида юқоридаги ҳолатлар бўйича жами 78 миллион 121 минг 269 сўм молиявий хато-камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган.

Самарқанд вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бўйича ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат бўлими масъул ходими ушбу аниқланган ҳолатлар юзасидан маълумот прокуратура органларига тақдим этилганини билдирди.

Бардошбек САМАД ўғли

Мавзуга оид