Спорт | 14:10 / 23.10.2018
30078
7 дақиқада ўқилади

Роналду «Олд-Траффорд»га қайтди, Лопетеги учун сўнгги имкон. ЕЧЛ анонси

23-24 октябрь кунларида Европа Чемпионлар Лигаси 3-тур ўйинлари ўтказилади. Бугун 4та гуруҳда 8та учрашув бўлиб ўтади.

Моуриньо ва Роналду учрашуви

Фото AFP

Икки машҳур португалияликнинг муносабатлари ҳамиша мураккаб бўлган. Криштиану «Манчестер Юнайтед»да ўйнаганида, Жозе «Челси»ни бошқарарди ва тез-тез ҳакамларга ушбу ватандошининг симульянтлигидан шикоят қиларди. Бир сафар бу Роналдунинг жонига теккан ва очиқчасига муносабат билдирган: «Моуриньо шунчаки мағлубиятни қабул қила олмайди. «Челси» мураббийи ҳам ўзига хос жавоб қайтарганди: «Роналду ёши катталарни ҳурмат қилишни билмайди. Балки, бу тарбиясизлиги оғир кечган болалиги ёки яхши таълим олмагани туфайлидир».

Ҳатто «Реал»да бирга ишлашганида ҳам Криштиану мураббийдан норозилиги ҳақида матбуотда гапираверарди. Ундан бир марта мадридликлар жамоасининг ҳимоявий тактикаси ҳақида сўрашганида, шундай деганди: «Менга бундай футбол ёқмайди, аммо мен ўзимдан талаб қилинган ишни бажаришга мажбурман».

Бу икки юқори амбициялик шахснинг бир жойда бўлиши ҳамиша катта қизиқишларга сабаб бўлади. Роналду ва Моуриньо ўртасида ҳеч қачон очиқ низо бўлмаган, балки бу уларнинг иккиси ҳам агент Жорже Мендешнинг мижозлари экани билан боғлиқдир.

Ҳозир улар бошқа-бошқа чемпионатларда. Ҳолбуки, Криштиану «Ювентус»га трансфер бўлишидан олдин у «Реал»дан «Манчестер Юнайтед»га қайтиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди. У Манчестерга қайтмади, аммо бугун «Олд Траффорд»да яна бир бор тўп суради. 

«Криштиану ҳеч нарсани исботлаши шарт эмас. У футбол тарихидаги энг яхши футболчилардан биридир», деди ўйинолди матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи.

Роналду Турин клубида ҳам асосий етакчига айланиб олди. У Италия чемпионатида охирги 6 ўйинда 5 гол урди ва 3 марта шерикларини голли узатма билан таъминлади. Аммо у ҳали Чемпионлар лигасида ўзини кўрсатишга улгурмади, биринчи турда «Валенсия»га қарши ўйинда қизил карточка олган Роналду иккинчи турда «Янг Бойз»га қарши ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлди.

«H» гуруҳининг иккинчи ўйини Швейцарияда кечиб, унда «Янг Бойз» ва «Валенсия» жамоалари ўзаро ҳисоб-китоб қилишади.

Лопетеги учун охирги ўйин

Хулен Лопетеги. Фото REUTERS

«Реал» бош мураббийи Хулен Лопетеги тинимсиз танқидлар гирдобида қолди. Жамоа шанба куни Испания чемпионати доирасида ўз уйида «Леванте»дан мағлуб бўлди ва у «Сантяго Бернабеу»да охирги кунларни ўтказаётгани ҳақида ёзишди. Испан нашрлари маълумотига кўра, ЕЧЛ доирасида «Виктория» Пльзен клубига қарши ўйин натижаси қандай бўлишидан қатъи назар мураббий истеъфога чиқарилади. 

Ўйин арафасида ўтказилган матбуот анжумани вақтида Лопетеги ўзи ҳам, футболчилар ҳам фақат ўйин ҳақида ўйлашаётгани ҳақида гапирди.

«Реал» «Леванте»га қарши ўйинда 8 соат давом этган голсиз сериясига барҳам берди, аммо Марселонинг голи жамоани мағлубиятдан қутқара олмади. Мадридликлар охирги ғалабани 22 сентябрь куни қайд этишганди. Айни вақтда жамоа ички чемпионатда еттинчи ўринда, ЕЧЛ гуруҳ босқичида эса ЦСКА ва «Рома»дан ортда қолган ҳолда учинчи ўринда жойлашган.

«Виктория»га қарши уй учрашувида «Реал» вазиятни ўнглашга ҳаракат қилади. Фақат йирик ғалаба ва сифатли ўйингина Лопетегининг истеъфосини кейинга қолдириши мумкин.

«G» гуруҳи доирасидаги яна бир ўйин Римда, «Рома» ва ЦСКА ўртасида кечади.

Зинченко ва Фернандиньо «Шахтёр»га қарши

Александр Зинченко. Фото REUTERS

2015 йил бошида «Уфа» «Шахтёр»дан 18 ёшли яримҳимоячи Александр Зинченкони трансфер қилганди. Донецкликлар клубида украиналик футболчи 4 йил ўтказган, Бошқирдистондаги икки йилдан кейин у Манчестерга йўл олган. Ўшанда Зинченконинг Гвардиола жамоасига трансфер бўлиши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлган, кўпчилик у кейинги йилларда ижарама-ижара кезишини тахмин қилганди. Ҳозирда эса у жамоасининг асосий таркибида муқим ўрин эгаллаш учун ҳаракат қилмоқда.

«Сити» сафида «Шахтёр»нинг яна бир собиқ футболчиси Фернандиньо тўп сурмоқда. Бразилиялик бу футболчи доимий равишда Англия чемпионининг асосий таркибида ва алмаштириб бўлмас футболчига айланган.

Ўтган йилнинг декабрида ҳам «шаҳарликлар» Харьковга келишган ва натижаси аҳамиятсиз ўйинда «Шахтёр»га мағлуб бўлишган. Аммо ўшанда «Сити» Украинага иккинчи таркибини олиб келганди, чунки жамоа охирги тур арафасида муддатидан аввал гуруҳда биринчи ўрин масаласини ҳал қилиб улгурганди. «Шахтёр» учун эса бу ўйиндаги ғалаба сув ва ҳаводек зарур эди. Ўшанда донецкликлар ғалаба қозониб, «Наполи»ни учинчи ўринда қолдирган ҳолда кейинги босқичга йўл олишганди.

Ҳозир эса вазият бутунлай бошқача. Инглизлар жамоаси биринчи турда «Лион»га мағлуб бўлди ва энди жамоанинг хато қилишга ҳаққи йўқ. «Шахтёр» эса дастлабки икки турда «Ҳоффенҳайм» ва «Лион» жамоаларига қарши ўйинларда бир хилда 2:2 ҳисобларида дуранг ўйнаган ва айни вақтда учинчи ўринда жойлашган.

«F» гуруҳи доирасидаги иккинчи ўйинда «Ҳоффенҳайм» «Лион»га қарши саф тортади.

Бугун шунингдек, «E» гуруҳида Мюнхеннинг «Бавария» клуби Афинада АЕК клуби меҳмони бўлади, «Аякс» эса «Бенфика»ни қабул қилади.

Айни вақтда гуруҳда кутилмаганда амстердамликлар жамоаси пешқадамга айланиб олган.

Мавзуга оид