Спорт | 17:58 / 29.10.2018
15881
3 дақиқада ўқилади

Бугун «Реал»да мажлис

Фото: Getty Images

«Реал» кеча «Эл-класико»да «Барселона»га 1:5 ҳисобида имкониятни бой бергач, Европа матбуоти жамоа бош мураббийи Хулен Лопетегининг истеъфоси ҳақида бонг ура бошлади.

Хусусан, AS тарқатган маълумотга кўра, бугун «Реал» раҳбарияти навбатдан ташқари фавқулодда йиғилиш ўтказади ва унда 52 ёшли мутахассиснинг истеъфоси ҳақида қарор қабул қилинади. Мажлис Тошкент вақти билан соат 23:00 да бошланади.

El Mundo Deportivo`нинг ёзишича, Лопетегининг ўрнига Антонио Контени олиб келиш «Реал»га 10 миллион еврога тушади. «Қаймоқранглилар» айнан шунча миқдордаги маблағни мураббийнинг собиқ клуби «Челси»га тўлаб бериши керак. Конте ва «кўклар» ўртасидаги битим 2019 йил охиригача мўлжалланган ва у ҳали расман бекор қилингани йўқ.

Шу билан бирга, beIN Sports мухбири Танкреди Палмерининг аниқлашича, «Реал» президенти Флорентино Перес бугун Антонио Контенинг акаси билан учрашади. Якуний келишувга эришилган тақдирда бу ҳақда эртага расман маълум қилинади. Испания кубоги доирасида чоршанба куни бўлиб ўтадиган «Мелила»га қарши ўйинда жамоани «Кастилья» устози Сантьяго Солари бошлаб тушади.

Аввалроқ Tiempo de Juego нашри 49 ёшли италиялик Мисрдаги таътилини муддатидан аввал тугатиб, Лондондаги уйига қайтиб келгани ҳақида хабар берган эди.

Эслатиб ўтамиз, Хулен Лопетеги шу йилнинг 12 июнида «Реал» билан 3 йиллик шартномага имзо чеккан эди. У бу вақтда Испания терма жамоасини бошқариб турган, аммо клуб билан битим имзолангани маълум бўлгач, лавозимидан озод этилганди.

Лопетеги «қироллик клуби» устози сифатида илк ўйинини УЕФА Суперкубогида «Атлетико»га қарши ўтказган ва қўшимча бўлимларда ўтказиб юборилган голлар сабаб 2:4 ҳисобида мағлубиятга учраган эди. Ўтган вақт давомида испаниялик мутахассис клубни 14 ўйинда майдонга бошлаб чиқиб, 6 тадан ғалаба ва мағлубият, 2 та дуранг натижа қайд этди.

Ла Лиганинг 10-туридан сўнг «Реал» етакчи «Барса»дан 7 очкога ортда қолган ҳолда 9-ўринда бормоқда.

Мавзуга оид